Сирдарёлик икки аёл чақалоқни $18 мингга сотаётганларида қўлга олинган

Аёллардан олинган долларлар . Iiv.uz сайти фотосурати

Сирдарё вилоятида иккита аёл икки ойлик чақалоқни 18 минг долларга сотишга уринганда ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан қўлга олинган. Воқеа 23 июнь куни Гулистон шаҳрида юз берган, дея хабар беради вилоят Ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати.

Аниқланишича, аёллардан бири сотилаётган чақалоқни май ойида тўққан. Иккинчи аёл воситачи ролини бажарган. Иккила аёл ҳам Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида истиқомат қилишади.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда болаларни сотиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. «Савдо нархлари» бир неча миллион сўмдан бир неча минг долларгача етиб бормоқда. Мисол учун, Қорақалпоғистонда бир аёл 13 ёшли ўғлини $15 мингга сотмоқчи бўлганда қўлга олинган. Навоий шаҳрида эса она янги туғилган чақалоғини 3 млн сўмга ($300га яқин) сотишни режалаган.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева кўп ҳолларда аёллар болаларини оиладаги оғир аҳвол, моддий қийинчиликлар, айбини яшириш ёки бошпана сотиб олиш мақсадида сотишга мажбур бўлаётганларини таъкидлади. Унга кўра, 2019 йил одам савдо билан боғлиқ жиноятларнинг 43 фоизи ота-оналарнинг ўз болаларини сотишига тўғри келган. Бу соҳада Сирдарё ва Хоразм вилоятлари «етакчилик» қилмоқда, зеро бу икки вилоятда бир йилда бештадан бу каби жиноят содир этилгани қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ