Ўзбекистонда дори воситаларига чекланган нархлар ўрнатилади

Ўзбекистондаги дорихона . Gazeta.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда маълум бир дори воситасининг нархини белгилаш, унинг ўнта референт мамлакатдаги сотиш нархига қараб белгиланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мана шундай тартиб ўрнатилади, деб хабар беради Norma.

Референт нарх (яъни таққослаш орқали қабул қилинадиган нарх —«Фарғона» изоҳи) рўйхатига Венгрия, Польша, Словения, Болгария, Беларусь, Россия, Украина, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон киритилган. Ариза берувчи – дори воситаларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси эгаси ёки унинг ишончли вакили онлайн-тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга айни бир ишлаб чиқарувчининг худди шундай фаол моддага эга бўлган дори воситаларининг сотиш нархларини тақдим этади. Бунда дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси ва ҳажмини ҳисобга олинган бўлади.

Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун чекланган нархларни ҳисоблайди. Ўзбекистонга импорт қилинадиган ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори воситаларининг нархлари чекланган нархлардан юқори бўлмаслиги лозим. Воситачилар сонидан қатъи назар, дори воситаларининг энг юқори чакана нархи улгуржи дистрибьюторлар учун референт нархнинг 15%идан, чакана савдо ташкилотлари (дорихоналар) учун 20%идан ошмаслиги лозим.

Чекланган нархлар ариза берилган кунда Марказий банк томонидан белгиланган айирбошлаш курси бўйича сўмда ҳисобланади. Янги тартиб 10 сентябрдан кучга киради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, врач ва фармацевтлар ҳамкорлигидаги коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида «Фуқаролар соғлигини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар ишлаб чиқди. Жумладан, қонун лойиҳасида тиббиёт муассасалари раҳбарларининг фармацевтика компаниялари томонидан ҳар қандай турдаги рағбатлантириш мукофотларини олиши тақиқланади. Масалан, уларнинг фармкомпания ҳисобидан саёҳатга чиқиши ёки бирорта тадбирда иштирок этиши ман этилади.

Шунингдек, врачларга ҳам фармацевт корхоналар билан маълум дори воситаларини беморларга тақдим этиш учун шартномалар тузиш тақиқланади. Қонунга киритилган ўзгартириш бўйича, шифокорларнинг белгиланган дори воситаси ўрнини босувчи бошқа препарат борлиги тўғрисида маълумотни яшириши ман этилади. Қонун лойиҳаси 24 июнга қадар кенг муҳокама бўлиши учун норматив -ҳуқуқий актлар порталига жойлаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ