Андижонда қўлга олинган шахс қийноқлардан вафот этганидан сўнг жиноят қидирув бўлимининг уч нафар ходими ҳибсга олинди

А.Абдукаримов . Facebook ижтимоий тармоғидан олинган видеоёзув скриншоти

Андижон шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлимининг уч нафар ходими маҳаллий аҳоли вакилига нисбатан қийноқлар қўллагани ва ноқонуний равишда ички ишлар бўлимида ушлаб тургани айблови билан ҳибсга олинди. Улар томонидан қўлга олинган одам касалхонада вафот этган, дея хабар беради Gazeta.uz.

Содир бўлган воқеа Facebook ижтимоий тармоғига жабрланган йигитнинг синглиси томонидан қўйилгани тахмин қилинаётган видеоёзувнинг жойлаштирилганидан сўнг кенг жамоатчиликка маълум бўлди. Унда сингил касалхонада ётган акасининг (укасининг) баданидаги жароҳат ва лат олган жойларини кўрсатаётгани тасвирланган. Видеоёзув остидаги шарҳларда изоҳ берилишича, 14 кунлик кома ортидан ўлимга олиб келган жароҳатлар Андижон ИИБ жиноят қидирув бўлимида олинган.

“Ҳолат юзасидан масъуллар зудлик билан текширув ўтказишларини талаб қиламан. Ҳар бир шахсда айбсизлик ва ҳимоя ҳуқуқлари бор. Ҳеч қайси орган ходими ҳеч кимни калтаклашга ҳаққи йўқ”, — дея ёзади пост муаллифи.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига юборилган сўровномага жавобан назорат органи қуйидагиларни маълум қилди:

Андижон шаҳар, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов 2020 йил 30 май куни маҳаллий ички ишлар бўлимидан тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига келиб тушган.

Андижон шаҳар прокуратураси томонидан мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувдаги ариза юзасидан фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турганликлари оқибатида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган. Фуқаро Абдукаримов 11 июнь куни вафот этган.

Ушбу ҳолат юзасидан 1 июнь куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимларига нисбатан ЖКнинг 206 — (“Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш”), 234 — (“Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш”) ва 235 — (“Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш”) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон 2016 йилда президент алмашганидан сўнг маъмурий-полиция давлати сиймосидан қутилишга ҳаракат қилиб, жиноий қонунчиликнинг гуманизациясига қаратилган ислоҳотларни ўтказмоқда. Расмийлар қийноқ қўллаш ҳолатлари учун жавобгарликни кучайтирдилар ҳамда бунга алоқадорлик учун жавобгарликни жорий этдилар. Ўзининг ғайриинсоний шаротилари билан танилган Жаслиқ турмаси ёпиб қўйилди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлланаётган зўравонликлар кенг жамоатчиликка ошкор бўла бошлади. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиларнинг қайд этишича, вилоятлардаги ИИБ маҳаллий бошқармаларида ҳамда жазони ўташ муассасаларидан шавқатсиз муносабатлар ҳамон кенг қўлланмоқда.

Май ойи охирида республика прокурорининг ўринбосари Светлана Артиқова жазони ўташ муассаларида ва қамоқхоналарда қийноқларни олдини олиш бўйича мустақил қўмиталарини тузиш режалари ҳақида маълум қилди. Унга кўра, сўнгги уч йил давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш оргганлари ходимлари томонидан қийноқлар қўллангани, қўрқитишлар ва бошқа турдаги тазйиқлар ҳақида жами 757 та шикоят аризалари келиб тушган. Уларнинг 33 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ