Жиззахлик фирибгарлар автомобилларнинг «қулай шарт» билан сотилиши найранги устидан $300 минг ишлаб олганлар

Ўзбекистондаги автосалон . Kun.uz сайти фотосурати

Жиззахда рўйхатга олинган Almaz super avto компанияси ходимлари автомобилларни фоизсиз, узоқ муддат пули тўланиши шарти билан одамлардан 3,1 млрд сўмдан ($308 минг) ортиқ маблағларни йиғиб олганлар. Улар ваъдасидан чиқмаганлар ва бу ҳолат жиноят иши қўзғатилишига асос бўлган, деб хабар беради Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати.

Almaz super avto 2019 йил май ойидан фаолиятини бошлаган. Унинг Андижонда, Фарғонада, Наманганда филиаллари бўлган ва компания ўз фаолиятини ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва флаерлар тарқатиш орқали реклама қилган. Мижозларга автомобиллар фоизсиз, беш йил муддатда пул тўлаш орқали ваъда қилинган. Тарифлар машина русумига қараб 2,6 млн сўмдан 9,1 млн сўмгача ($260-$900) бўлган.

Фирма билан 446 нафар одам шартнома тузган. Одамлардан йиғилган 3,1 млрд сўм маблағининг 1,6 млрд сўмини фирибгарлар компания ҳисобига ўтказишган, қолганини ўзлаштириб олганлар. Тергов давомида жабрланувчиларга етказилган 3.125.604.413 сўм моддий зарарнинг 1.110.000.000 сўми ундирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари якунига кўра, Э.И., га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1 моддаси 3-қисми “а,в” банди, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 189-моддаси 1-қисми билан, Э.Қ. ва Д.Х., ларга ЖКнинг 188-1 моддаси 3-қисми “а,в” банди, 189-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, Э.И., га нисбатан “қамоққа олиш”, Э.Қ. ва Д.Х., ларга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.

2019 йил кузида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Avto 60 oy компанияси муассислари ва ходимларига нисбатан жиноят ишини қўзғаганди. Компания мижозларга фоизсиз ва дастлабки тўловсиз автомобилларни ваъда қилган. Avto 60 oy билан 19 мингдан зиёд одам шартнома тузган. UzAuto Motors ушбу масалани ўртага ташлаганидан сўнг компанияга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ