Россия Ички ишлар вазирлиги мигрантлар учун ягона маълумотлар базасини яратилишини эълон қилди

Мигрантлар . Элёр Неъматов фотосурати («Фарғона»)

Россия ҳукумати Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилган миграцияга оид сиёсатни 2025 йилгача ривожлантириш режасини тасдиқлади. Режага кўра, мамлакатга ўқиш ёки ишлаш учун келаётган мигрантларнинг ягона базасини яратиш кўзда тутилган. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасининг сайтида маълум қилинмоқда.

Ички ишлар вазирлиги бу ҳужжатга “чет эллик фуқароларнинг Россияда узоқ муддатли бўлишининг янги ҳуқуқий тартиби” деб ном бердилар, меҳнат миграциясини тартибга солиш механизмини замонавийлаштиришга, миграция соҳасида хавфсизликни ва ҳуқуқий тартибни таъминлашга ваъда қилдилар.

Лойиҳа мигрантлар ҳисобини юритиш тизимини комплекс ахборотлаштиришни кўзда тутади. Маълумотлар ягона базаси – чет эллик фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни сақлайдиган, давлат хизматларини тақдим этишни, мигрантлар, ташкилотлар ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳаракатларни электрон кўринишда таъминлайдиган майдондан (платформадан) иборат. Унда шахсий кабинет, мобил иловада хабарларни тарқатилишидан иборат персоналлаштирилган ахборот сервисларининг фаолияти кўзда тутилган.

Лойиҳа кечагина анонс қилинди, ваҳоланки олдинроқ оммавий ахборот воситаларига Россиядаги мигрантларни “ижтимоий ишонч рейтинги”ни ўз таркибига олувчи махсус иловаларни ўрнатишга мажбурлашлари мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар келиб турган. Ушбу иловада ижтимоий-ҳуқуқий мақом, биометрик маълумотлар, соғлиғи тўғрисидаги маълумот, криминал ўтмишнинг борлиги ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган бўлади.

Коронавирус тарқалиши муносабати билан чет элликлар учун чегараларини ёпиб қўйган Россияда қишлоқ хўжалигида мавсумий ишларни бажариш учун қўшимча ишчи кучларига эҳтиёж борлиги боис, экспертлар мавсумий ишларга келаётган мигрантларнинг мамлакатга киришига чекловларнинг бекор қилинишидан олдин рухсат берилишини тавсия қилдилар. Европа мамлакатлари айнан шундай йўл тутган. Бироқ Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу тавсияларни рад этиб, мигрантларга шошилинч талаб йўқлиги ҳақида билдирган.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин чет элликларнинг мамлакатда вақтинча бўлиш муддатини (бу муддат 15 март куни ниҳоясига етганлар учун) 15 июнгача чўзиб берди. Муддати 15 мартдан 15 июнгача бўлган даврда ниҳоясига етадиган меҳнат патентларининг муддати уч ойгача узайтирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ