Туркияда Тошкентнинг велосипедчилар учун қулай бўлган транспорт концепциясини яратиб бердилар

Шавкат Мирзиёев пиёдалар ва велосипедларнинг ҳаракати учун қўшимча шароитлар яратиб бериш заруратини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Туркиянинг Kalyon Ulaştırma инжиниринг компанияси Тошкентнинг пиёдалар ва велосипедчилар учун қулай бўлган транспорт концепциясини ишлаб чиқди. Лойиҳа 4 июнь куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди, дея хабар беради унинг матбуот хизмати.

Концепция геоахборот тизими орқали шаҳардаги транспорт ва йўловчилар оқимини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган. Йўл ҳаракатини тўғри ташкиллаштириш натижасида йилига 19 миллион долларлик ёқилғи тежалиши, 129 миллион долларлик тахминий зарарнинг олди олиниши ҳисоб-китоб қилинган. Ёки автобуслар сони ва йўналишларини оптималлаштириш орқали йилига 2,5 миллион доллар иқтисодий самарага эришиш мумкин.

Концепцияда, шунингдек, автоматик тўлов тизимини ривожлантириш, автомобиль тўхташ жойлари ва пиёдалар ўтиш йўлакларини кўпайтириш каби қатор қулайликлар назарда тутилган.

Президент пиёдалар ва велосипедлар ҳаракати инфратузилмаларига эътибор қаратган лойиҳачиларни мақтаб қўйди. “Бизнинг йўлларда транспорт воситаларига кўп устуворлик берилган. Аслида пиёдалар ҳаракатини, одамларнинг ҳаловати, саломатлигини биринчи ўринга қўйиш керак”, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент транспорт концепциясини Тошкент шаҳрининг битта туманида апробация қилиш, кейинчалик бутун пойтахт ва бошқа шаҳарларда жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Мирзиёев, шунингдек, “Каloyn” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган Чўпонота кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли кесишмасида 583 метрлик йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди. Бу чорраҳадан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача янги кўча қурилиб, ҳалқа йўли остидан туннель орқали ўтказилади ва Қипчоқ кўчасида қурилаётган янги кўприкка туташади.

Жами 5,6 километрлик бу йўл соатига 3 мингта транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 280 миллиард сўмдан зиёд (37,5 миллион доллар).

Ҳозирги кунда Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланади. Шу боис унда қатнов жуда кўп, юклама катта. Айниқса, эрталаб ва кечга яқин бу кўча тирбанд бўлиб қолади. Ушбу янги йўл ва кўприклар қурилиши натижасида Сергели туманига транспорт қатнови тирбандлиги 50 фоизга, транспорт ҳаракати вақти 20-25 минутга камаяди.

Туркиянинг Kalyon Ulaştırma компанияси жамоат транспорт тизимини 2020-2030 йилларга ривожлантириш бўйича бош режасини ишлаб чиқарган, унда жамоатчилик транспортига шахсий транспортга нисбатан устуворлик берилади, имконияти чекланган одамлар учун қулай шароитлар яратилади ҳамда турли транспорт воситаларининг йўналишлари тартибга солинади.

Тошкентдаги йўналишлар тизими эскириб, сийқаси чиқиб кетган ҳамда экспертлар томонидан метролар автобусларнинг йўналишларини, автобуслар – йўналишдаги таксиларни, йўналишдаги таксилар эса метронинг йўналишларини такрорлагани боис шаҳар бўйлаб ҳеч ким фойдаланмайдиган автобуслар қатнаётгани учун танқид остига олинмоқда. Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш маркази, Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси ва “Тошшаҳартрансхизмат” ходимлари йўналишларни оптималлаштириш бўйича иш олиб боришмоқда. Автобус йўналишларини метро станциялари билан боғлаш, йўловчиларни автобусларга етказиб берадиган магистраль ва ёрдамчи йўналишлар тармоғини яратиш устидан иш олиб борилмоқда.