Хориж авиакомпаниялари Ўзбекистонга учаётган йўловчилар рўйхатини ДХХ га топширади

Pixabay.com сайти фотосурати

2020 йилнинг 1 июль кунидан бошлаб Ўзбекистонга парвозларни амалга ошираётган хорижий авиакомпаниялар ўз йўловчилари тўғрисидаги дастлабки маълумотни Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига тақдим этади. Республика ҳукумати шу ҳақда қарор қабул қилди, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Хорижий мамлакатлар авиация маъмуриятлари ва хорижий авиаташувчилар ДХХ ЧҚга халқаро ташувчилар томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумот мажбурий равишда тақдим этилиши тизими амалга киритилаётганидан хабардор қилинади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси Азиз Абдуҳакимовга кўра, 2019 йилдан бери Ўзбекистонга рейслар уюштираётган хориж авиакомпанияларининг сони йигирма учтага етган.

Йўловчиларга доир дастлабки маълумотларни мажбурий равишда тақдим этиш талаби Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) томонидан ишлаб чиқилган. Ўз навбатида, мазкур тартибнинг жорий этилиши хорижий туристларнинг мамлакатга келишлари, бўлишлари ва республика ҳудудидан чиқиб кетишларида қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади, дейилади қўмита хабарида. Жумладан, 2018 йили президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қарорда дастлабки маълумотларни тақдим этувчи авиакомпаниялар томонидан Ўзбекистонга ташриф буюрган чет эл фуқаролари мамлакатда беш кунгача визасиз яшаш имконига эга бўлиши айтиб ўтилган.

Йўловчиларга оид дастлабки маълумотлар тизими (Advance Passenger Information, API) — авиаоператор томонидан тақдим этиладиган йўловчилар ва рейсга доир маълумотлар жамланган электрон коммуникация тизимидир. Маълумотлар йўловчи паспортидан ёки давлат томонидан четга чиқиш учун бериладиган ҳужжатдан олинади. Кейин ушбу маълумотлар учиб бориладиган мамлакат чегара назорати органига тақдим этилади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бир неча бор API тизимини қўллаш зарурлиги борасида баёнот берган. Ташкилот фикрига кўра, бундай тизимдан фойдаланиш террорчи, трасмиллий жиноий ташкилотларига аъзо фуқароларнинг ҳаракатланишига чек қўйишга ёрдам беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ