УЕФА чемпионлар лигасининг финал ўйини Истанбулда бўлмаслиги мумкин

Истанбулдаги Отатурк номидаги стадион. Wikimedia Commons фотосурати

УЕФА 2019/2020 мавсуми чемпионлар лигасининг плей-офф ўйинлари форматига ўзгартириш киритиши ва финал учрашувини Туркиядан Германияга кўчириши мумкин. Бу ҳақда Sky Sport хабар беради.

Ўзгаришлар турнирнинг чорак финал босқичида киритилиши мўлжалланган. Жамоалар томошабинсиз нейтрал майдонда биттадан ўйин ўтказади. Ярим финал ўйинлари «Тўртлик финали» (Олимпия тизими) форматида, яъни ўтқизган жамоа тарк этиши шаклида ўтказилади. Шу билан бирга ҳал қилувчи ўйин аввали режалаштирилган Истанбулда эмас, бирорта немис шаҳрида ўтказилиши мумкин. Бундай таклиф Германияда чемпионат ўйинлари жонлангани, Туркияда эса коронавирус туфайли вазият «ноаниқ»лигича қолгани билан асосланади.

Чемпионлар лигасининг қолган 1/8 финал ўйинларини 7-8 августда, чорак финал учрашувларини — 13-14 августда ўтказиш мўлжалланган. Турнир ой охиригача якунланади.

УЕФА 2019/2020 мавсуми чемпионлар лигасининг финал ўйини Истанбулдаги «Отатурк номидаги олимпия стадиони»да 30 май куни ўтказилиши керак эди. Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли турнир ўйинлари 1/8 финал босқичида тўхтатилди.

29 май ҳолатига кўра, Туркияда коронавирусга чалинганларнинг сони 161 минг кишини ташкил қилади, 4461 та одам ушбу вирусдан ўлган, 124 минг нафари тузалиб кетган.