Уч ойлик чақалоғини уч хонали квартирага алмаштирмоқчи бўлган аёл қўлга олинган

Pixabay.com сайти фотосурати

Навоий вилоятида истиқомат қилувчи аёл чақалоғини 250 млн сўмга ($24,6 минг) баҳоланган уч хонали квартирага алмаштирмоқчи бўлади. Аёл ва унинг отаси 23 май куни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир пайтида қўлга олинган, дея хабар беради вилоят ҳокимияти матбуот маркази.

Аёл 33 ёшда бўлиб, унинг чақалоғи уч ойлик бўлган. Болани кўчмас мулкка алмаштириш ишида аёлнинг отаси ҳам иштирок этган.

Хабарда уларга нисбатан жиноят иши кўзғатилгани тўғрисида маълумот берилмаган. Одатда одамларнинг бундай саъй-ҳаракати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси («Одам савдоси») билан жиноят иши қўзғатилади. Айбдорлар саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шу ҳафтада бу каби иккита воқеа содир бўлди. Қорақалпоғистонда бир аёл 13 ёшга кирган фарзандини $15 мингга сотмоқчи бўлган. Хоразмда эса аёл икки яшар ўғлини $7,7 мингга сотишга уринган.

Одатда, ҳуқуқ-тартибот органлари ота-оналарнинг ўз болаларини сотишга нима мажбур қилаётгани тўғрисида изоҳ бермайди. Бироқ, республикада айрим одамлар ўта қашшоқ аҳволда яшаётгани кўпчиликка маълум. Бу ҳолатни ҳукумат ҳам тан олди. Жорий йили январь ойида президент Шавкат Мирзиёев парламентдаги чиқишида республиканинг аксари аҳолиси, айниқса қишлоқдагилар етарли даромад манбаига эга эмасликларини таъкидлади. Ўзбекистонда кам таъминланган одамларнинг сони 4-5 миллиондан иборат ёки аҳолининг 12-15 фоизини ташкил этади.