Петербург университетида коронавирус юқтирганини яширган ўзбекистонлик талабалар ўқишдан ҳайдалиши мумкин

Петербург Алоқа йўллари университети . Pgups.ru сайти фотосурати

Император Александр I номидаги Петербург Давлат алоқа йўллари университетида таҳсил олаётган талаба ва аспирантлари COVID-19 пандемияси даврида ўзини яккалатиш (самоизоляция) тартибини бузгани ҳамда инфекцияни юқтириб олганини яширганлари учун ҳайдалишлари мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилдилар, дея ёзади “Фонтанка”.

7а рақамли ётоқхонада истиқомат қиладиган бир неча чет эллик талабалар мустақил равишда COVID-19 инфекциясининг мавжудлигини текшириш учун тест синовидан ўтиб келдилар, бироқ мусбат натижа тўғрисида на университет маъмуриятига ва на ётоқхона мудирасига маълум қилдилар ва натижада, улар кечикиш билан изоляцияга олинди.

Олий таълим муассасаси матбуот хизматининг билдиришича, олдинроқ ёш йигитлар ётоқхонада истиқомат қилиш тартибига риоя қилиш талабларига қарамай, самоизоляция шароитида бир неча бор бу тартибни бузганлар.

Мазкур вазият университет оператив штабининг мажлисида кўриб чиқилди ва унинг якуни бўйича ректор номига талабаларни жавобгарликка тортиш ва керак бўлса, ётоқхонада истиқомат қилиш қоидаларини бузганлари учун университетдан ҳайдаш тўғрисида илтимоснома тақдим этишга қарор қилинди.

ТАСС хабар беришича, талабалар истиқомат қилаётган Малая Посадская кўчасидаги 7а ётоқхонаси бу ерда коронавирус юқтириб олган одам аниқлангани заҳоти карантинга ёпилди. Худди шу манзилда жойлашган мазкур давлат университетининг № 5 ётоқхонасининг 3-корпусида яшайдиган талабаларнинг бирида коронавирус аниқланиши билан апрель ойининг охирида карантинга ёпиб қўйилган эди.

Воронеж шаҳар Левобережний район суди 27 май куни келиб чиқиши ўзбекистонлик ва тожикистонлик бўлган тўрт нафар фуқарони Дубровина кўчасидаги қаҳвахонада коронавирусдан вафот этган ўзбекистонликнинг хотирасига бағишланган зиёфатда (поминка) қатнашганлари учун жаримага тортган эди, дея хабар беради “Вести Воронеж”. Залда жами 20 киши бўлган, тўрт кишининг ҳар бирига 1000 рублдан жарима солинган, қолганларнинг эса Россия фуқаролиги бўлмаган.

Россияда жами 370 680 кишига коронавирус ташхиси қўйилган, улардан 142 208 киши соғайиб кетган ва 3968 нафари ўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бутун дунё бўйича 5,5 миллионга яқин одам коронавирусни юқтириб олган ва 349 минг киши вафот этган. Энг кўп касаллар АҚШда аниқланган – 1,7 миллион, 411 мингтаси Бразилияда ва 370 мингтаси Россияда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Орадан 35 йил ўтган бўлсада, бино аввалгидек архитектура иштиёқмандларини ўзига жалб қилиб келмоқда

  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида

  • Тошкентда автомобиль эгалари тураргоҳни суд ажримисиз бериб қўйишмоқчи эмас

  • COVID-19 инфекцияси туфайли уч ой давомида ўзини ўзи яккалатишнинг қатъий тартиби ўзбекистонликларни нимага ўргатгани ҳақида