Ўзбекистонликларни мактаб дарсликларидаги хатоларни аниқлаш ишида кўмак беришга чақирдилар

Marifat.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази интернет тармоғида @darslikka_taklif_bot телеграм каналини ишга туширди. Ушбу канал орқали мактаб дарсликлари ва ўқув-методик қўлланмаларнинг сифати устидан шикоят қилиш ҳамда ўз таклифларини бериш мумкин бўлади, дея хабар беради ЎзА.

Интернет фойдаланувчилари мазкур телеграм-каналига бугунги кунда амалда бўлган барча мактаб дарсликлари ҳамда 2020/2021 ўқув йили учун янгидан яратилаётган ва нашр этилаётган дарсликларга 3 та – ўзбек, инглиз ва рус тилларида таклиф юбориш таклиф этилмоқда.

Ишга туширилган Теlegram-лойиҳанинг мақсад ва вазифаларини очиб бериш, ундан фойдаланган ҳолда таклифлар юбориш, ушбу жараёнга малакали мутахассис ва ўқитувчиларни жалб қилиш мақсадида Республика таълим маркази томонидан онлайн видеоконференция ўтказилди.

Дарсликлар юзасидан келиб тушаётган ўринли таклиф ва мулоҳазалар Марказнинг фан методистлари томонидан ўрганиб чиқилиб, нашриётлар ва муаллифлар билан биргаликда дарсликларни нашрга тайёрлаш жараёнида инобатга олинмоқда. Марказ доимий равишда жамоатчилик фикрини ўрганиш, экспертлардан хулосалар олиш ва тажриба-синов ишларини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон президентининг 2020 йил 16 мартдаги қарорига мувофиқ, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни тайёрлаш, нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, уларда хато ва камчиликларга йўл қўйилишининг олдини олиш, давлат буюртмасига асосан тайёрланадиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар Халқ таълими вазирлигига ўтказилган.

Халқ таълими вазирлиги 2019 йил 25 июнь куни дарслик ва ўқув-методик адабиётлардаги камчиликларни топиш, уларнинг сифатини таъминлаш мақсадида “Дарсликларни биргаликда такомиллаштирайлик” онлайн-танлови ўтказди. Танлов давомида 103 нафар танлов иштирокчиларидан 140 дан зиёд таклифлар келиб тушди.

Танлов ғолиби бўлган мустақил журналист Шерали Нишановнинг айтишича, у хатоларни топиш учун 32 та дарсликларни ўқиб чиқди. “Масалан, дарсликларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси еттинчи моддасида мамлакатнинг ташқи сиёсатига оид масалалар белгиланган деб ёзилган, ваҳоланки ташқи сиёсатга оид қоидалар ҳужжатнинг 17-моддасидан топасиз”, — дея қайд этади Нишанов.

2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-, 4-, 5-синфлари учун жами 558 номдаги 27,9 миллион дарслик ва ўқув-методик қўлланма чоп этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда мактаб дарсликларининг сифати бир неча йиллардан бери муҳокама қилинмоқда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари кўп ҳолларда дарсликлардан қўпол ва орфографик хатоларни топишмоқда. Ушбу муаммо қўшни Қирғизистонда бундан ҳам долзарброқ ҳолатга тушган. Ўтган йили мактаб дарсликларидаги қўпол хатолар туфайли халқ таълими вазири истеъфога чиқишга мажбур бўлган.