Самарқанд вилоятида ўқитувчилар туалетларни тозалашга мажбур қилинган

Daryo.uz сайти фотосурати

Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокимияти ўқитувчиларни мактаб туалетларини тозалаш ва ремонт қилишга мажбур қилган. Бу ҳақда Daryo таҳририятга юборилган суратлар асосида хабар беради.

Хабарга кўра, карантин чекловлари ва ўқитувчиларнинг рўзадорлигига қарамасдан, уларни ишлашга мажбур қилишган. Туман ҳокими Ботир Жаббаров мана тундай топшириқ берган. Ҳожатхоналар таъмири қандай кетаётганини аниқлаш мақсадида ҳоким ўринбосари Асқар Рустамов бошчилигидаги ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев, туман касаба уюшмаси раҳбари Муҳаммад Жумаевлардан иборат гуруҳ ҳар куни мактабларга бориб, ҳолатни ўрганган.

«Дарё»га юборилган видеодан англашилишича, ушбу гуруҳ тумандаги 32-мактабда бўлганида ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев таъмирдан кўнгли тўлмай, мактаб директорини турткилаб ташлаган. «Мактаб директори ўқитувчилар рўзадорлиги учун жисмоний меҳнатдан қийналаётганини айтган вақтда мудир «сен буюрилган ишни қил» деб директорни туртган», — дейилади таҳририятга қилинган мурожаатда.

Мурожаатчиларнинг айтишича, ушбу мактаб жойлашган Умид қишлоғи «Обод қишлоқ» давлат дастурига тушган бўлса ҳам барча таъмирлаш ишлари бюджет ташкилоти ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш орқали амалга оширилади.

Бундан бир неча йил олдин самарқандлик ўқитувчиларни қурилишларда бетон қуйиш, ғишт тахлаш, сувоқ қилиш ишларига мажбурлашган. Наманганлик ўқитувчилар ишдан ҳайдаш дўқ-пўписа си орқали улардан «Обод қишлоқ» дастурига пул ундирилаётганидан шикоят қилгандилар. Фарғона вилоятида ўқитувчилар металлолом йиғишга норасмий буйруқ олишган, жиззахликлар эса «Обод маҳалла» дастурига пул ўтказиш учун мажбуран тўқув цехларига юборилган.

2018 йили Ўзбекистон ҳукумати ташкилот ходимларининг қурилиш-ремонт, қишлоқ хўжалиги ишлари ва бошқа жамоат ишларига мажбуран жалб қилинишига қарши қарор қабул қилганди. 2019 йили президент Шавкат Мирзиёев одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши комиссия тузди, мажбурий меҳнатга нисбатан жарималар миқдори ўн бараварга оширилди. Лекин шунга қарамасдан айрим маҳаллий амалдорлар ҳукумат ва давлат раҳбари қарорларини четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқдалар. Бу ҳақда Аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилади.