Қозоғистон чегарасида йиғилиб қолган ўзбекистонликларга Самарада иш таклиф қилинди

Самара областида тўпланиб қолган ўзбекистонликлар. Россиядаги Ўзбекистон элчихонасининг Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

Россия ва Қозоғистон чегарасида тўпланиб қолган ўзбекистонликларга Самара областида иш талиф қилинди. Мигрантлар ётоқхона ва иссиқ овқат билан таъминланадилар. 25 нафар одам таклифни қабул қилган. Бу ҳақда Қозон шаҳридаги Бош консул Ўзбекистон элчихонасининг Facebookдаги саҳифасидан хабар беради.

Самара областининг Большая Черниговка районида жами 280 нафар Ўзбекистон фуқароси тўпланиб қолган. Самарада ишлашни хоҳламаган фуқароларга консуллик томонидан ўзларининг яшаш жойларига қайтиб кетиш ва чарьер рейсларини кутиш маслаҳат берилди. Дипломатлар 18 ва 19 май куни бу ердан ўзбекистонликларни автобусларда ватанга қайтариш тадбири бир марталик акция экани ва бу ишлар энди қайтарилмаслигини қайд этдилар.

Қозоғистон берган автобуслар орқали 1200 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Одамларни Россия ва Қозоғистон чегарасига етказиш, сўнг уларни Ўзбекистонга етказиш ишлари ўзбек ҳукуматига 125 минг рублга тушди. Tvsamarа.ru маълумотига кўра, «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти ёнида тикланган лагер ҳозирда йиғиштирилган. Самара области ҳуқуқ-тартибот органи бу ерга келмоқчи бўлган одамлар жарима солинишидан огоҳлантиради.

«Қозоғистон чегарасини очармиш» деган миш-мишларга ишонган ўзбекистонликлар май ойи ўртасида Россиянинг турли ўлкаларидан Оренбург областига оқиб кела бошладилар. Йўл Самара области орқали ўтгани боис, маҳаллий орган ходимлари одамларни тўхтатган. Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон орқали махсус коридор очилиб, ватанга етиб олишларига кўмак сўраб президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат қилганлар. Самара области ҳукумати мигрантлар учун вақтинчалик лагер-обсерватор барпо этди ва ўзбек дипмиссияси ҳамкроҳлигида одамларни тиббий назорат, ичимлик суви ва индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминладилар.

Ўзбекистон элчихонаси Россия ва Қозоғистон ҳукумати билан учтомонлама музокаралар олиб бориб, масалани ҳал этди. Унга кўра, ўзбекистонликлар автобусларда қозоқ чегарасига етказилди, сўнг бошқа автобусларда Ўзбекистонга олиб кетилди. Ўз автомобилларида келган одамлар учун Самара областида транспортлар учун махсус турар жой ташкил этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ