Ўзбекистонда қурилган биринчи уч поғонали йўл ўтказгични Мирзиёевга кўрсатдилар

Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасидаги йўл ўтказгич. Ўзбекистон президенти сайти фотосурати

Тошкентда Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасида 10 май куни очилган янги уч поғонали йўл ўтказгич чорраҳадан ўтувчи машиналар сонини уч баробарига кўтариш имкониятига эга бўлган.

Ушбу объект қурилишини 2019 йилнинг охиригача битказиш режалаштирилган эди. Тошкент шаҳар ҳокимияти ушбу чорраҳани қисман эксплуатацияга қўя бошлаётганини 2020 йил 12 март куни маълум қилган ҳамда объект қурилиши фақат 90 фоизга битгани, қурилиш ишлари давом этаётгани ва шунинг учун ҳам хавфсизлик чораларига риоя қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Энди бўлса, йўл ўтказгичнинг 20 май куни бўлиб ўтган очилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этгани тўғрисида ЎзА хабар берди.

“Қурилиши 2018 йил май ойида бошланган ушбу лойиҳа Ўзбекистонда биринчисидир, — дея қайд этишганди ҳокимиятдагилар. – Уни “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти ва “Кўприкқурилишлойиҳа” унитар корхонасининг мутахассислари ишлаб чиқишган”.

Оҳангарон шоссеси Тошкент ҳалқа йўлининг бир қисми. Махтумқули кўчасининг янги қисми битказилгач, ушбу йўлларда транспорт ҳаракати янада ортган эди. Ушбу кўчалар кесишмасида 2018 йилда бошланган лойиҳа бу йил рўёбга чиқиб, ҳайдовчиларга жуда катта қулайлик яратди.

Илгари бу чорраҳа соатига 7 минг автомашинани ўтказиш қувватига эга эди. Энди соатига 20 мингта транспорт воситасини узлуксиз ўтказиш имконияти пайдо бўлди. Яна бир жиҳати – бу янги объект катта юкламани ўзига олиб, “Тошкент-Чимён” йўналиши бўйича масофани 22 километрга қисқартирди.

Мазкур транспорт ечими уч поғонадан иборат бўлиб, туннел узунлиги 593 метр, ҳалқа шаклидаги ўрта поғона 29 метр, эстакада қисми 502 метрни ташкил этади. Туннел ва эстакадада қатнов олти, ўрта поғонада эса беш қаторли. Туннел деворлари Ўзбекистоннинг кўринишлари тасвирланган манзарали панеллар билан безалган.

Объектда 170 та энерготежамкор ёритиш устунлари ўрнатилган, атрофда 15 минг квадрат метр майдон ободонлаштирилган.

Охирги уч йил давомида Тошкентда йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида тўртта йўл ўтказгич қурилиб, эксплуатацияга топширилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди