Сўровномада қатнашганларнинг тўртдан уч қисми Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТга қўшилишини ёқлаб овоз берган

ЖСТ бош қароргоҳи . Worldatlas.com сайти фотосурати

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига доир сўровномада респондентларнинг 74 % республиканинг ЕОИИга қўшилишини қўллаб-қувватлаши, 16 % қарши, 4% нейтрал овоз бериши, 6% жавоб беришга қийналиши аниқланди. Бу ҳақда Review.uz сайтида маълумот берилган.

Таҳлилчилар интеграцияни қўллаб-қувватловчи аксари респондентлар Сурхондарё, Жиззах ва Хоразм вилоятларида яшашини таъкидлайдилар. «Қарши» овоз берганларнинг кўпчилиги водий ва пойтахт аҳолиси бўлган.

Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишнинг энг асосий афзалликлари сифатида товарлар ва хизматлар нархларининг пасайиши, шунингдек рақобат кучайиши натижасида маҳсулот сифатининг ошиши кўрсатилган. Сўровда қатнашганларнинг 15 фоизи интеграция туфайли меҳнат мигрантларининг аҳволи яхшиланишига умид қилади.

Интеграцияга қарши бўлганлар импорт маҳаллий маҳсулотлар ўрнини босиб кетишидан, аъзоликдан сўнг республикада ишчи ўринлари камайиб кетишидан хавотирдалигини билдирганлар. Сўровномада иштирок этган 13 фоиз респондент Ўзбекистоннинг ЕОИИ га аъзо бўлиши натижасида давлат бюджети даромади камайиб кетишини кўрсатган.

Марказ мутахассислари аҳолининг Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасидаги фикрини ҳам ўрганганлар. 78% респондент қўллашини, 8% каршилигини ва шунча фоиз бетарафлигини, 7 фоиз респондентлар жавоб беришга қийналишини билдирган.

ЖСТга аъзо бўлишликка Сурхондарё, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикаси аҳолиси ихтиёр билдирган бўлса, Тошкент, Андижон вилоятлари ва пойтахт ахлида ушбу ғояга қарши овоз берганларнинг салмоғи кўп бўлган.

Респондентларнинг 34 фоизи ЖСТга қўшилишнинг асосий афзаллиги — рақобат муҳитининг яхшиланиши, товарлар ва хизматлар нархлари пасайиши ва уларнинг сифатига ижобий таъсир қилишини кўрсатган бўлса, 23 фоизи Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг ижобий самараси сифатида ривожланган мамлакатлар билан савдо алоқаларининг яхшиланиши, юқори технологияли импортнинг ошишини таъкидлаган. Респондентларнинг ўн олти фоизи миллий ишлаб чиқариш ва иш ўринлари хорижий инвестициялар оқими ва хорижий корхоналар сонининг кўпайишини таъкидлаган бўлса, аъзоликка қарши бўлганлар иқтисодиётнинг муҳим соҳалари хориж ишбилармонлари қўлига ўтиб кетиши, импорт кўпайиб, давлат бюджетининг камайиб кетишини кўрсатганлар.

Ўзбекистонинг ЕОИИ ва ЖСТга аъзо бўлишига доир аноним сўровнома шу йилнинг январь-февраль ойларида ўтказилган. Унда бутун республика бўйлаб 1300 та одам қатнашган, уларнинг 79 фоизи эркак, 21 фоизи аёллардан иборат бўлган. Сўровномада иштирок этганларнинг аксарияти талабалар, хусусий сектор вакиллари, давлат хизматчилари, ўқитувчи ва олимлардан иборат бўлган.

Май ойининг бошида Олий Мажлиснинг депутатлари, сўнг сенаторлари Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этишига овоз бердилар. ЖСТга келсак, ушбу ташкилот билан мулоқот 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг, 2017 йили яна қайта тикланди. Ўтган йил июль ойида Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов Женевада ЖСТ бош директори Роберто Азаведога республика ташқи савдо режимига доир меморандумни топширди. Бу расман Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнининг бошланганини англатади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ