Ўзбекистонда сел туфайли мингдан ортиқ одамлар эвакуация қилинди

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ СЕЛ ТОШҚИНИ ОҚИБАТИ . PODROBNO.UZ САЙТИ ВИДЕОЁЗУВИДАН КАДР

Ўзбекистонда тинимсиз ёққан ёмғир оқибатида айрим ҳудудларда сел тошқинлари юзага келган, дарёларнинг сув сатхи кўтарилган. Сурхондарёда сув тошқини хавфи мавжудлигидан Олтинсой туманидаги 900 дан ортиқ одам хавфсиз жойларга кўчирилган, деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати.

Одамлар Олтинсой даёсининг суви кўтарилиши сабаб хавфсиз жойларга, жумладан қариндошлариникига кўчирилган. Бундан ташқари, шу куни Бойсун туманидаги “Пасурхи” маҳалласига Бойсун тоғ тизмасига сурункали ёмғир ёғиши натижасида “Ойбарак” сойи орқали сел келган. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 150 дан ортиқ ходими, шунингдек, 20 га яқин техника сел оқибатларини бартараф этиш ишларига сафарбар қилинган.

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида 300 нафар одам кўчирилган. 14 майга ўтар кечаси юз берган сел оқими тўртта уйни қисман ювиб кетган. Сув тошқинига қарши тўққизта техника машинаси, вилоят фавқулодда вазиятлар департаментининг 70 нафар ходими курашмоқда.

13 май куни Бўстонлиқ тумани тоғ олди ҳудудларида кучли ёмғир ва сел келиши кузатилди. Натижада тумандаги «Қорамозор» МФЙ ҳудудидаги ички йўлида сел келиши, «Паркент канали»га сув тўпланиб тошиши, «Думалоқ», «Товоқсой», «Хондайлик», «Искандар», «Қўшқўрғон» МФЙ ички кўчалари ва бир нечта аҳоли хонадонларига ёғингарчилик сувлари тўпланиши кузатилган.

Сел келиши ўз вақтида бартараф этилган. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ҳимоя тадбирлари мақсадида жами 189 нафар ишчи ходим, 26 та муҳандислик техникалари жалб этилган. Вилоят ФВБ томонидан 14 та махсус техника ва 44 та қутқарувчи жалб этилган. Табиий офатдан жабр қўрганлар тўғрисида маълумот берилмаган.

Кучли ёмғир ёғиши оқибатида қўшни Қозоғистонда ҳам ўнлаб уйларни сув босган, бир неча автомобиль йўлларидаги кўприклар бузилган. Жумладан, Шимкентнинг турар жой массивини сув босган, уч юзга яқин одамлар эвакуация қилинган.

Май ойи бошида Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти ва Қозоғистоннинг Туркистон вилояти аҳолиси Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилишидан азият чекди.85 минг одам хавфсиз жойларга кўчирилди, 60 нафар фуқаро турли тан жароҳати билан шифохоналарга ётқизилган. Сув тошқини оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган.

Ўзбекистонда 99 та кўпқаватли уй қисман бузилган, Қозоғистонда эса 900 та турар жой биносини сув босган

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ