Qanotchi ресторани бўйича ўтказилган тажриба амалга ошмади

Qanotchi ресторани . Ташкилотнинг Facebookдаги саҳифаси фотосурати

10 май куни Тошкентда ўз фаолиятини жонлантирган Qanotchi (Gourmet Restaurant МСЖ) ресторани Коронавирусга қарши кураш республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган карантин чекловларини бузган. Бу тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясининг матбуот хизмати хабар беради.

Текширувлар рестораннинг ўзбошимчалик билан иш бошлаганини аниқлади. Махсус комиссия тавсиясига кўра, ресторан пандемия пайтида фақат овқатларни буюртмачиларга етказиб бериш бўйичагина фаолият юритиши мумкин бўлган.

Яккасарой тумани санитарния-эпидемиология осойишталиги марказининг тақдим этган ҳужжатларига асосан Qanotchi раҳбари Сардорхўжа Агзамов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасини («Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик») бузган ва иш Яккасарой туман Маъмурий судида юборилган. Ушбу модда фуқаролар учун базавий ҳисоб миқдорининг 20 дан 30 бараваригача (тахминан 5,5 млн сўм, ёки $550), лавозимдаги шахслар учун 30 дан 50 БҲМ (тахминан 9 млн сўм, иёки $880) жарима солинишини назарда тутади.

Qanotchi ресторани Facebookда очилишини эълон қилган. Хабарда ресторан маъмурияти эҳтиёткорлик чораларини кўргани айтилади: ташрифчиларнинг ҳарорати ўлчанади, улар дезинфекция йўлагидан ўтишади, залдаги столлар ойнали деворлар билан бир-биридан ажратилган. Бу ҳабар интернетда шов-шув пайдо бўлишига сабаб бўлди, блогерлар «вабо пайтида зиёфат»га рухсат берган ҳокимиятни қаттиқ танқид остига олдилар.

Шу куннинг ўзида Тошкент ҳокимияти шаҳардаги умумовқатланиш масканларини аста-секинлик билан жонлантириш мақсадида мазкур ресторан тажриба сифатида очилганини маълум қилди. «Ҳозирда тажриба тугади, ресторан ёпилди», – дейилади хабарда. Шу билан бирга Qanotchi ресторанининг очилганини маълум қилган шахслар сохта хабарлар тарқатганликда жавобгарликка тортилиши айтиб ўтилди.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси эксперимент ўтказилганини тасдиқлади, у бу тадбир санитария-эпидемиология ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилганига ойдинлик киритди. Ташкилот матбуот хизмати бу ишлар «умумовқатланиш масканларининг санитария-эпидемиология талабларига тўлиқ жавоб берган ҳолда ишлашини текшириш мақсадида ўтказилган машғулот тажрибаси» эканини билдирди.

Facebookдаги TROLL.UZ саҳифасида очиқ манбалар ҳақида маълумотлар берилган. Унга кўра, Qanotchi бренди 2017 йили J-United Group компанияси томонидан рўйхатга олинган. МСЖнинг ягона муассиси — Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлади.

Ўзбекистонда илк бор коронавирус қайд этилганидан сўнг бир кун ўтиб, яъни 16 март куни карантин эълон қилинди. Мамлакатда ўқув муассасалари, нозиқ-овқат бозорлари ёпилди, спорт анжуманлари, масжидлардаги жума намозлари тўхтатилди.

8 майдан Махсус комиссия Ўзбекистонни эпидемиологик хавфсизлик бўйича учта зонага бўлиб чиқди. Тошкент сариқ зонага киритилди. Шаҳарда савдо марказлари, сартарошхоналар (Гўзаллик салонлари)нинг фаолият юритишига, йўналишли бўлмаган таксиларда йўловчиларни ташишга рухсат берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ