Ўзбекистоннинг машҳур спортчиси Олимпиадада иштирок этолмайди

Руслан Нурудинов . Nuz.uz сайти фотосурати

Оғир атлетика бўйича Олимпиада чемпиони Руслан Нурудинов допинг истеъмоли туфайли келаси йил декабрь ойигача халқаро мусобақалардан четлатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси Шоҳрулло Маҳмудовга таяниб Olamsport хабар беради.

2018 йили декабрда Нурудиновни 2012 йилги Олимпия даврида тақиқланган препарат истеъмол қилганликда айблашган эдилар. Спорт арбитраж суди спортчини айбдор деб торган. Халқаро оғир атлетика федерацияси спортчини 2018 йил декабридан бошлаб икки йилга мусобақалардан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундай қилиб, Нурудинов келаси йил декабрда майдонга тушиши мумкин.

«Адвокатимиз муддатни қисқатириш буйича суд жараёнида иштирок этди. Йўқса, дисквалификация беш йилга чўзилиши мумкин эди. Энг асосийси, Руслан Нурудинов қўлга киритган барча медалларни сақлаб қололдик», — дейди Маҳмудов.

Коронавирус пандемияси сабаб Токиодаги Олимпиада ўйинлари 2021 йилга кўчирилгани боис Нурудинов унда иштирок этишга расман имкониятга эга, зеро WADA антидопинг агентлиги президенти Витольд Банькнинг сўзларига кўра, спортчиларнинг дисквалификацияси Олимпия муддати кўчиртирилгани билан узайтирилмайди.

Ўз навбати Маҳмудов Нурудиновнинг тайёргарлик кўришга улгурмаслиги сабаб Олимпиадада қатнашолмаслигини айтади. Бундан ташқари, ёш авлод ҳам етишиб чиқяпти. 2018 йил жаҳон чемпиони Акбар Жўраевни бунга мисол қилиш мумкин. Маҳмудовга кўра, Нурудинов 2022 йилги Осиё мусобақаларига тайёргарлик кўриши мумкин.

Руслан Нурудинов — 2016 йилги Олимпиадада чемпион бўлган, 2012 йилги Олимпия мусобақаларида эса тўртинчи ўринни эгаллаган. 28 ёшли оғир атлет жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган ва икки марта Осиё чемпиони бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ