Россияда қолиб кетган мигрантларга “фақат россияликлар учун” бўлган рейсларга бурун тиқмаслик тавсия қилинди

Airportufa.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги россияликларни олиб чиқиш учун режалаштирилган бешта рейс билан ватанга қайтишга Россия Федерациясида қолиб кетган Марказий Осиё фуқаролари умид қилмасинлар, уларга чипталарни фақат фирибгарлар сотиши мумкин. Ушбу огоҳлантириш Тожикистоннинг Москвадаги элчихонасининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган.

РИА “Новости” Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг консуллик бўлими вакилига таянган ҳолда хабар беришича, “Россия” авиакомпаниясининг рейси билан 174 россиялик фуқаро 29 апрель куни Тошкентдан Москвага учиб кетди. Рейсга давлат хизматлари агентлигининг сайти орқали самолётга ўтириш учун рўйхатдан ўтган одамлар қўйилди, уларга учиб кетишга Тошкент халқаро аэропортига етиб бориш учун махсус рухсатномалар тақдим этилди. Самолёт Тошкент вақти билан соат 6.32 да (4:32 мск) учиб кетди.

Душанбега учта самолётнинг парвози режалаштирилган. Новосибирскдан 30 апрель куни “Сибирь” авиакомпаниясининг лайнери учиб кетади, ўша куниёқ “Уральские авиалинии” компаниясининг самолёти Душанбе – Сургут – Екатеринбург йўналиши бўйича жўнаб кетади. Бундан ташқари, Росавияциянинг олиб чиқиш рейслари жадвалига мувофиқ, 2 май кунига “Сибирь” авиакомпаниясининг Бишкек – Новосибирск йўналишидаги рейси режалаштириб қўйилган.

Дипломатларнинг таъкидлашича, ушбу чартер рейслари Россия ҳукумати томонидан мутлақо россиялик фуқароларни хориждаги мамлакатлардан олиб чиқиб кетиш учун ташкил этилган. “Тожикистон элчихонаси ватандошлардан шубҳали ва текширилмаган маълумотларга ишонмасликка, қандайдир шахслар томонидан авиачипталар сотиладиган бўлса, бундай чипталарни сотиб олишга шошмасликка чақирмоқда”, — дейилади хабарномада.

Тожикистон 20 мартдан бошлаб барча йўналишлар бўйича халқаро авиақатновларни тўхтатиб қўйган, Россия бошқа мамлакатлар билан мунтазам чартер авиақатновларини 27 мартдан бошлаб тўхтатиб қўйган. Ўзбекистонда ҳар қандай транспорт қатновлари 30 мартдан 10 майгача тўхтатиб қўйилган.

“Сомон Эйр”, “Таджик Эйр” ва FlyDubai авиакомпаниялари Россия, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларидан тожикистонликларни хориждан ватанига қайтариш ҳамда Тожикистондан чет эллик фуқароларни ватанларига жўнатиш бўйича бир нечта чартер рейсларни ташкил этишган, бироқ бу рейслар етарли бўлмаган эди. Кўпчилик тожикистонликлар Россияда қолиб кетишди, Туркия ва Ҳиндистон аэропортларида қолиб кетган 300 дан зиёд тожикистонликлар коллектив мактублар билан Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга мурожаат қилиб, уларга самолёт юборишни сўрашмоқда.

Екатеринбургда ватанга экстрадиция қилинишини кутаётган 100 га яқин Тожикистон фуқаролари махсус муассасада тезроқ ватанга жўнатишни талаб қилиб, исён кўтардилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ