Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тожикистон ва Туркманистонда коронавирус йўқлигини текширади

Ханс Клюге. Ich.ch сайти фотосурати

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертлари келаси ҳафта Тожикистон ва Туркманистонга ташриф буюриб, у ерда икки мамлакат ҳукумати эътироф этганидек коронавирус йўқлигини текширади. Бу ҳақда ташкилотнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге сўзларига таяниб, «Коммерсантъ» хабар беради.

Нашрга кўра, ЖССТнинг Марказий Осиё бўйича вакиллари бундан олдин минтақада коронавирус инфекцияси билан боғлиқ шубҳали тест хулосаларини қайта текшириш борасида муаммолар мавжудлиги, мазкур республикалар раҳбариятини ошкора танқид қилишдан ўзларини тийганларини таъкидлагандилар. Ташкилот экспертлари ташрифидан сўнг брифинг уюштирилиб, унда мавжуд вазиятга доир маълумотлар берилиши кутилмоқда.

Коронавирус инфекцияси деярди дунёнинг барча мамлакатларига тарқалган. Сўнгги маълумотларга кўра, мазкур вирусга чалинган одамлар сони дунё бўйича 2,6 миллиондан ошиб кетган. Инфекция Марказий Осиё минтақасида ҳам қайд этилган. Шу сабаб Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон бошқа давлатлар каби ўз ҳудудида карантин чораларини жорий этган.

Бироқ, Тожикистон ва Туркманистон ҳукуматлари ҳозирги кунгача ўз ҳудудида коронавирус инфекцияси қайд этилмагани иддао қилади. Жумладан,Туркманистон Ташки ишлар вазири Рашид Мередов коронавирусга оид ҳақиқатни ҳукумат ЖССТ ва халқаро ҳамжамиятдан яширмаган бўлишини айтади. У хориж дипломатларига Лебап вилоятидаги карантин марказини бориб кўришни таклиф қилади (норасмий манбалар бу ерда коронавирусга чалинган бир неча одам борлигини айтади, лекин бу маълумотлар расман тасдиқланмаган).

Коронавирусга чалинган беморларнинг борлигини Тожикистон ҳукумати ҳам инкор қилади. Сўнгги пайтлар мамлакатда пневмония касаллигидан одамларнинг вафот этишига қарамасдан, ҳукумат вакиллари бу ҳолатни «ноқулай об-ҳаво туфайли» касалликнинг мавсумий фаоллашуви билан изоҳлайдилар.