Бухоро вилояти ҳокимияти бузилган ҳовуз учун прокуратурага жавоб беради

@PvBux телеграм-каналидан фотосурат

Маданият вазирлиги Бухоро вилояти ҳокимиятининг Хўжа Калон масжиди олдида олиб борган ноқонуний таъмирлаш ишлари юзасидан Бош прокуратурага шикоят аризасини киритади. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар қилади.

Ижтимоий тармоқларда Хўжа Колон масжиди тасарруфига кирувчи ховузнинг бузилган суратлари тарқалганидан сўнг Маданият вазирлиги бонг урди. Вазирлик ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос рўйхатига киритилган ҳудудларда таъмирлаш тиклаш ишларини олиб бориш учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментидан махсус рухсатнома олиниши кераклигини эслатади.

Бухоро вилояти ҳокимияти бундай рухсатнома олмаган. Бундан ташқари 14 апрелда Бухоро вилояти маданий мерос инспекцияси томонидан Бухоро шаҳар хокимлигига Хўжа Калон масжиди олдида таъмирлаш ишлари тўхтатилиши тўғрисида хат киритилган. Бироқ, таъмирлаш ишлари фақат 23 февраль куни тўхтатилган.

Бухоро шаҳридаги Хўжа Калон масжиди ва минораси 1573-1579 йилларда қўрилган бўлиб, маданий мерос рўйхатига киритилган объектдир. Buxara.org хабарига кўра, мазкур қурилишга халқ орасида «Хўжа Калон» номини олган шайх Хўжа Сайид ҳомийлик қилган.

2019 йил ёзда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос қўмитаси ташкилот рўйхатига киритилган маданий меросларнинг бугунги ҳолатини танқид қилганди ва шундан сўнг мазкур ташкилот билан алоқа қилувчи Миллий комиссиянинг котиби ишдан олинганди.

Август ойида Ўзбекистонда маданий мерос ҳисобланган объектларига зиён келтирганлик учун жарималар миқдори беш бараварга кўпайтирилди. Октябрь ойида эса ҳукумат маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатини эълон қилди. Унга 8208 та кўчмас объектлар, жумладан 4748 та археология ёдгорлиги, 2250 та архитектура мероси, 678 та монументал санъат ёдгорлиги ва 532 та диққатга сазовор жойлар киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ