Душанбе лицейининг ўқувчилари жисмоний тарбия ўқитувчиси ўлган заҳоти карантинга олинди

Душанбедаги №1 лицей . Ozodi.org сайти фотосурати

Тожикистон пойтахти Душанбедаги №1 лицейининг ўқувчилари жисмоний тарбия ўқитувчиси Хуршед Каримовнинг ўпка касаллигидан вафот этгани заҳоти уй-уйларига тарқатиб юборилди, дея хабар беради “Озоди” (Озодлик радиоси тожик тили хизмати) мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари ҳамда ходимларига таянган ҳолда.

Ўқитувчининг касаллиги ва ўлими ҳақида 22 апрель куни эълон қилинди. Ўқувчиларнинг ота-оналарига лицей вақтинчалик ёпилишини маълум қилдилар. Машғулотлар қачон қайтадан бошланиши ҳақида алоҳида маълум қилишларини айтдилар ва шу билан бирга, ўқитувчиларнинг ҳар куни ишга келишлари мажбурийлигини билдирдилар.

Каримов икки ҳафта олдин пневмония аломатлари билан касалхонага ётқизилган эди, дейди ўқитувчилардан бири номи сир қолиш шарти билан. Қариндошларидан бирига кўра, Каримовнинг жасади қариндошларига берилмай, хлорга бўктирилган кафанга ўраб кўмилган. “Хуршеднинг аҳволи икки кун олдин ёмонлашган ва қариндошларини чақириб, ҳаммаларидан ризочилик сўраган эди”, — дейди манба.

Тўрт юздан зиёд ўқувчилар таҳсил оладиган ушбу лицейда бу воқеани коронавирус инфекциясига боғлиқ деган хулосага келдилар, бироқ Душанбе шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг вакили хавотирга ўрин йўқ, дея билдирди.

Таълим бошқармасининг Душанбе бўйича масъул ходими Асомиддин Бобоевнинг айтишича, ҳозирги кунда ким ўлиб қолса ҳам, одамлар коронавирус ёки пневмониядан ўлдими, дея ваҳимага тушмоқда. “Айни пайтда пойтахтнинг барча таълим муассасалари дезинфекция қилинмоқда. Режага кўра, №1 лицейда бугун ёки эртага дезинфекция ўтказилиши керак. Биргина шанба ва якшанба кунлари шаҳарнинг 65 та таълим муассасаларидан дезинфекция ишлари ўтказилган”, — дея қўшиб қўйди Асомиддин Бобоев.

Шу кунларда Тожикистондан ўпка ва юрак ҳасталиклари, хусусан, пневмония, сил ва юрак ишемияси касалликлари важидан ўлимлар ҳақида кўплаб хабарлар келмоқда. Мисол учун, №1 рақамли шаҳар саломатлик марказида (Советский кўчасидаги №1 касалхона) 22 апрель куни тўрт нафар бемор бир вақтнинг ўзида пневмониядан вафот этди.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги республикада COVID-19 коронавирус инфекцияси йўқ дея таъкидлашдан чарчамаяпти. Пневмониянинг кўпайишини эса мутасаддилар мавсумий касаллик ҳамда “номувофиқ об-ҳаво шароитлари” билан изоҳламоқдалар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида