БМТ дунёда оч қолган одамларнинг сони икки бараварга кўпайишидан огоҳлантиради

БМТнинг Африка давлатларидан бирига кўрсатган озиқ-овқат ёрдами. Wfp.org сайти фотосурати

Коронавирус туфайли пайдо бўладиган иқтисодий таназзуллик оқибатида дунёдаги оч қолган одамларнинг сони икки бараварга кўпайиши мумкин. Бу ҳақда БМТ Халқаро озиқ-овқат дастури (WFP)га таянган ҳолда Reuters хабар беради.

Ташикилотнинг баҳолашича, транспорт ва бошқа чекловлар, ишчи мигрантлардан келаётган пул ўтказмалари камайиши, туризмнинг тўхтаб қолиши ва бошқа омиллар туфайли оч-наҳор одамларнинг сони бу йили 135 дан 265 миллионга кўпайиши мумкин. WFPнинг етакчи иқтисодчиси Ариф Ҳусейннинг фикрига кўра, «шундоқ ҳам тирикчилигини базўр ўтказаётган миллионлаб одамлар учун мавжуд вазият фожиали» якун топиши мумкин.

Бундан олдин Халқаро валюта жамғармаси транспорт чекловлари, бизнеснинг тўхтатиши ва истеъмол фаоллигининг камайиши натижасида 2020 йили глобал иқтисодиёт уч фоизга камайишини башорат қилганди.

Халқаро меҳнат ташкилоти йил сўнггига қадар дунёда ўн миллионлаб одамлар ишсиз қолишини таъкидлайди. Биргина АҚШда бир ойда ишсизлик оқибатида нафақа сўраб мурожаат қилган одамларнинг сони 22 миллионга етган. Кўпгина компаниялар коронавирус пандемияси туфайли ишчиларини пули тўланмас таътилларга чиқаришга мажбур бўлган. Дунё мамлакатлари иқтисодиёт, бизнес ва молия секторини ушлаб туриш учун трилионлаб доллар сарфлаган, айрим давлатлар фуқароларини тўғридан-тўғри пул маблағи билан таъминлаганлар.

Буларнинг барчаси негатив эффектни қисман бартараф этиши мумкин. Моддий ёрдам барча одамларга ҳам етиб бормаяпти. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, биргина Ҳиндистонда ўн миллионлаб одамлар кўмаксиз қолиб кетиши мумкин. Апрель ойига келиб дунёнинг ярим аҳолиси истиқомат қилаётган ҳудудда коронавирусга қарши мажбурий ёки тавсиявий карантин жорий этилган. Айрим давлатларда вирусдан касалланиш даражаси пайсайгани сабаб, карантин чекловлари юмшатиляпти, лекин улар вируснинг қайтадан ҳуружи пайтида яна кескинлашиши мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирусга чалинган инсонларнинг сони 2,4 миллионни ташкил этади. 171 мингта одамнинг мазкур инфекциядан ўлгани қайд этилган, 650 минг нафар одам тузалиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ