Самарқандда Регистон ортидаги “каримов” деворини бузиб ташлайдилар

Деворнинг олдидан кўриниши . Ozodlik.org сайти фотосурати

амарқанд расмийлари 2006 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг хавфсизлиги учун қурилган ҳамда Регистон майдонини эски шаҳар қисмидан ажратиб қўйган баландлиги уч метрли деворни бузиб ташлашга қарор қилдилар, дея хабар беради “Озодлик” Самарқанд вилояти маданият бошқармасидаги манбага таянган ҳолда.

Манбага кўра¸ Регистон орқасидаги девор бузилишига Маданий мерос ташкилоти, Милиий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармалари розилик берган. Самарқанд вилоят ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Тахмина Турдиалиева «тарихий ахамияти бўлмаган» деворнинг олиб ташланишини маъқуллади: “Ҳозирда девор олиниб ташлангандан кейинги ҳолат қандай бўлиши борасида дизайн таклифлар кўриб чиқилмоқда. Майдоннинг асл тарихий холатига зарар етказмайдиган таклифлар инобатга олинади”, — деди у.

Ўзбекистонлик меъмор ва антрополог Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ бу девор 2006 йилда Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизматининг таклифига биноан тикланган ва девор қурилиши ўша даврда Бош вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиëев назоратида амалга оширилган.

“Девор ўрнида олдин Регистон ансамблини эски шаҳар билан боғлайдиган қадимий кўча¸ ариқ¸ ховуз ва тутзорлар бор эди. Янги қурилган девор бу уйғунликни йўққа чиқарган эди. Бу деворнинг олиб ташланиши шахарсозлик ва тарихий-эстетик жиҳатдан ҳам тўғри қарор”, — деди Турдиев.

Бундан ташқари, девордан мақсад – хунук деб билинган аҳоли уйларини меҳмонлар назаридан пана қилиш эди. Деворнинг Регистон тарафидаги қисми геометрик нақшлар билан безатилган. Аҳоли уйлари тарафидаги қисми эса безаксиз.

Каримов вафотидан сўнг унинг хотирасини абадийлаштириш ишлари билан параллель равишда унинг хавфсизлиги учун барпо этилган иншоотларни бузиш ишлари ҳам бошланди. 2015 йилда Ўзбекистон раҳбари Тошкентдаги ўзи ишга бориб уйига қайтадиган йўлнинг машина ва пиёдалар учун участка қисмини ёпиб қўйишга кўрсатма берди. 2016 йилда “президент трассаси” дея аталувчи ушбу участкасида бетон тўсиқлар бузиб ташланди.

Регистон майдони – Самарқанднинг асосий эътиборга сазавор жойи бўлиб, уни учта мадраса: Улуғбек мадрасаси, (1417—1420) Тиллакори мадрасаси (1619-1636), Шердор мадрасаси (1619-1636), дан ташкил топган меъморий мажмуа безаб турибди. Регистон майдони ва унга ëндош мавзе 2001 йилда ЮНЕСКОнинг жахон мероси рўйхатига киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ