Ўзбекистондаги маҳкумлар вақтинчалик сўроқлардан ҳоли бўлди

Тоштурманинг янги биноси (Тошкент вилояти Зангиота туманидаги №1 СИЗО). Uznews.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш Бош бошқармаси томонидан тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига коронавирус инфекциясини кириб келишини олдини олиш, ушбу хавфли вирусни мазкур муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда хизмат фаолиятини олиб бораётган ходимлар ўртасида тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида шахсларни тергов ва суд жараёнига олиб чиқилиши, уларни адвокатлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан учрашувлари тўхтатилди, шу билан бирга, муассасаларда сақланаётган шахсларнинг юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида телефон орқали адвокатлар билан сўзлашиш имконияти яратилди, деб хабар беради Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилининг (Омбудсман) матбуот хизмати.

Муассасалар биноларида фуқаролар ва уларнинг ишончли вакилларини қабул қилиш тўхтатилган, шу билан бирга жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларга узоқ ва қисқа муддатли учрашувлар телефон орқали сўзлашув билан алмаштирилиб, уларнинг яқинлари билан алоқа қилишлари йўлга қўйилган. Маҳкумлар об-ҳаво шароити йўл қўйса, ишдан бўш бўлган вақтида тоза ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсияларига мувофиқ, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига коронавирус инфекциясининг кириб келишини олдини олиш чоралари кўрилган. Хусусан, мазкур муассасалардаги эпидемиологик вазият тўғрисида доимий равишда хабардор бўлиш ва назоратни амалга ошириш учун жазони ижро этиш Бош бошқармасида мутахассис тиббиёт ходимларидан иборат тезкор штаб ташкил этилди.

Санитария-эпидемиология қоидаларига кўра барча муассасаларнинг кириб келиш йўлаклари, ҳудуди, ётоқхоналари, ошхона, меҳнат қилиш жойлари, учрашув хоналари ва ходимларнинг хизмат хоналарида мунтазам дезинфекция қилинмоқда, ҳар бир муассасанинг назорат ўтиш жойларида тана ҳароратини автоматик ўлчайдиган сенсорли тепловизорлар ва қўлларни дезинфекция қилиш воситалари қўйилган, иситмаси кўтарилган ва шамоллаш аломатлари кузатилган ходимлар аниқланган тақдирда уларнинг муассаса ҳудудига киритилиши таъқиқланди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинишнинг биринчи ҳолати 15 март куни қайд этилган ва шундан сўнг мамлакатда карантин эълон қилинди. Барча таълим муассасалари, кинотеатрлар, болалар ўйнайдиган хоналар, буюм бозорлари ёпиб қўйилди, масжидларда жамоат намозларини ўқиш тўхтатилди. Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг барча вилоят марказларида ўзини бошқалардан четлатиш тартиби жорий этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 апрель маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинган 221 та одам аниқланган, 25 нафар одам коронавирусдан тузалган, икки киши вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ