Адлия вазирлиги карантиндаги одамлардан гаджетларнинг олиб қўйилиши сабабини тушунтирди

Карантин назорати ҳудудида. Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда карантин назоратига олинган одамлардан уяли телефон ва бошқа гаджетлар карантинга оид «нохолис маълумотлар»нинг тарқатилмаслиги учун олиб қўйилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелибоев маъулм қилади, деб хабар беради Kun.uz.

«Ижтимоий тармоқларда карантин жойларидан олинган видеолар ва саҳналар тарқатилмоқда. Кўплаб пост ва роликларда жамиятга вирус билан курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, чет элдан олиб келинган фуқароларни сақлаш шароитлари тўғрисида асоссиз ва бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилмоқда», – дейди вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, бу аҳоли ўртасида турли хил миш-миш ва паника ёйилишига сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ушбу муассасаларда жойлаштирилган бошқа шахсларга нисбатан шахсий маълумотлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга кўпинча риоя қилинмайди.

Мелибоев жаҳон тажрибасида, жумладан Россия, Сингапур, Исроил ва бошқа бир қатор давлатларда бу усулдан фойдаланилаётганини таъкидлайди.

Хусусан, Россияда мобил телефонларнинг GPS функцияси орқали карантинга олинган шахснинг борган манзиллари таҳлил қилиниб, эҳтимолий алоқада бўлган шахслар доирасини шакллантиришда ушбу маълумотлардан фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, санитар талабларига кўра, карантин жойларида гаджет ва банк карталари олиб қўйилади. Вирусологларнинг фикрига кўра, қоғоз ва пластик буюмлар сатхида вирус беш кунгача яшаши мумкин экан.

Вазир ўриинбосари вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар шахс даволаш муассасасидан чиқаётган вақтда ўзига қайтариб берилиши ёки унинг яқин қариндошлари ёхуд вакилларига топширилишини айтди.

15 март куни Ўзбекистонда илк бор коронавирусга чалинган инсон аниқланди ва 16 мартдан бошлаб мамлакатда карантин ҳолати эълон қилинди, чегара ёпилди, апрель ойи сўнггига қадар бошқа давлатлар билан авиа, авто, темир йўл алоқалари тўхтатилди. Шунингдек, мамлакатда ички рейслар ҳам бекор қилинди.

Хорижда қолган ўзбекистонликлар чартер рейслар билан қайтарилмоқда. Самолёт учиб келгандан сўнг йўловчилар ва экипаж аъзолари икки ҳафталик карантин назоратига олинмоқда.

25 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган одамларнинг сони 55 тага етган. Уларнинг 15 нафарида пневмония касаллиги қайд этилган, тўрт киши оғир ҳолатда. Республика бўйича 20 минг нафар одам карантин назоратига олинган.