Чиқиндилар ичида тиббий ниқобларни йиғиб юрган одам руҳий касалликлар диспансери ҳисобида турган

Iiv.uz сайти видеотасвиридан лавҳа

Республика Ички ишлар вазирлиги ходимлари чиқиндилар ичида тиббий ниқобларни териб юрган инсон тасвири туширилган видеодаги шахснинг кимлигини аниқлаганлар. Бу инсон Сирдарё вилояти руҳий касалликлар диспансери ҳисобида турган, деб хабар беради республика ИИВ матбуот хизмати.

Интернетда ушбу видеоролик пайдо бўлгандан кейин одамлар ИИВдан ушбу инсонни кимлигини аниқлашни сўраганлар. Оқибатда шахснинг кимлиги бир кунда аниқланган.

Ўзбекистонда карантин эълон қилинганидан кейин тиббий ниқоблар «бозори чаққон» товарга айланган. Бозорларда дарҳол қўли қинғир сотувчилар пайдо бўлган. 17 март куни солиқ қўмитаси ходимлари Тошкентда ишлатилган, сифат сертификати йўқ эски тиббий ниқобларни сотаётган бир гуруҳ «ишбилармонлар» фаолиятини фош қилганлар. Солиқчилар 123,8 млн сўмлик ($13 минг) 63 минг дона ниқобларни мусодара қилганлар. 25 мартдан карантин тартибларига риоя қилмаслик учун жарималар солинадиган бўлди. Тартиббузарликнинг биринчи ҳолатида фуқарога бир базавий ҳисоблаш миқдорида, яъни 223 минг сўм ($23,4), қоида қайта бузилганда БҲМнинг уч бараварида (669 минг сўм ёки $70,4) жарима ундирилади.

15 март куни Ўзбекистонда коронавирус га чалинган илк одам аниқланганидан сўнг мамлакатда карантин эълон қилинди, 16 март куни чегара ёпилди, апрель ойи сўнггига қадар бошқа давлатлар билан авиа, авто, темир йўл алоқалари тўхтатилди. Шунингдек, мамлакатда ички рейслар ҳам бекор қилинди.

25 март кунги маълумотга кўра, Ўзбекистонда COVID-19 га чалинганларнинг сони 55 одамни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Жаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ

  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • «Фарғона» Бош директори Даниил Кислов оғир ҳасталикка учраган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни озод этишга чақиради

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Орзуларни ушатувчи беш булоқ, ва куч-қувват бағишловчи чинорлар