Коронавирус туфайли Жаҳон чемпионатига ўтказиладиган саралаш ўйинлари бошқа муддатга кўчирилади

Саралаш ўйинларининг биридан лавҳа. Fft.tj сайти фотосурати

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ва Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) 2022 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига ўтказиладиган саралаш ўйинларини бошқа муддатга кўчириш таклифи билан чиқди. Бундай қарор коронавирус инфекцияси туфайли қабул қилинди, деб AFP хабар беради ФИФА баёнотига таянган ҳолда.

«Футбол ўйинларида иштирок этадиган барча одамларнинг саломатлиги энг устивор вазифа саналади, шунинг учун 2022-йилги Жаҳон чемпионати ва 2023-йилги Осиё кубоги доирасида ўтказиладиган саралаш ўйинларини бошқа муддатга кўчириш бўйича расмий таклиф ОФКга аъзо барча мамлакатлар футбол федерациясига юборилади», — дейилади баёнотда.

Жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинлар 26 ва 31 март кунига белгиланганди. Бу кунлари, жумладан, Жанубий Корея – Туркманистон, Тожикистон – Монголия, Мьянма – Қирғизистон, Туркманистон – Ливан ва Яман – Ўзбекистон жамоалари ўртасида мусобақалар режалаштирилганди.

Календарга киритилган ўзгаришлар ва ўйинлар муддати яқин орада эълон қилинади.

Коронавирус инфекцияси туфайли ОФК Осиё кубоги ва Лига чемпионлиги доирасидаги ўйинларни кечроқ муддатга кўчирди, шунингдек Ашхабодда ўтказилиши режалаштирилган футзал бўйича Осиё чемпионати бекор қилинди. Хитой, Жанубий Корея ва Японияда ўтказиладиган ички саралаш ўйинлари вақтинча тўхтатилди.

Коронавирус COVID-19 инфекцияси 2019 йили декабрда Хитойнинг Ухань шаҳридан бошланди. Сўнгги маълумотларга кўра, 98 мингта одам ушбу вирусдан касалланган, 3300 дан ортиқ одам ўлган. Марказий Осиё мамлакатларида коронавирус билан касалланган одамлар аниқланмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ