Соғлиқни сақлаш вазирлигида туркиялик маслаҳатчи иш олиб боради

Алишер Шодмонов туркиялик ҳамкасби билан. Aa.com.tr сайти фотосурати

Туркиялик мутахассис Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси бўлади. Бу ҳақда вазир Алишер Шодмонов Uzbekiston-24 телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди .

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19-20 февралда Туркияга қилган ташрифи доирасида ўтказилган музокараларда мана шундай қарорга келинган. Маслаҳатчи молиявий менежмент, тиббий суғурта, аутсорсинг, давлат-хусусий ҳамкорлик масалалари билан шуғулланади. Бундан бир йил аввал шу каби вазифалар Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси зиммасига юкланганди. Бу лавозимни Жанубий Корея фуқароси Ли Донг Ук эгаллаганди. Унинг ҳамюрти Юн Тэк Рим 2018 йили январда вазирнинг маслаҳатчиси этиб тайинланган. Бу воқеа республика президентининг Жанубий Кореяга ташрифидан бир ярим ой ўтиб юз берганди.

Анкарадаги музокаралар давомида Туркиянинг Kochak Farm ва Poly Farm компаниялари билан Ўзбекистонга арзон ва сифатли дори воситаларини етказиб бериш борасида келишиб олинди. Мазкур компаниялар республикада онкология ва гемотологияга доир касалликларга қарши медикаментларни ишлаб чиқаришда ёрдам кўрсатади.

Шунингдек, томонлар ҳамкорликда ўқув муассасалар сонини оширишга келишиб олдилар. Бу жараёнга Туркия тиббиёт фанлари университети, Medipol ва Бахчешехир (BAU) университетлари жалб этилади . Ўтган йили Бухоро давлат университетида турклар ҳамкорлигида халқаро факультет очилди ва унда 131 нафар талаба билим олмоқда.

2019 йил декабрда Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-турк бизнес-форумида Шодмонов вазирлик тизимида турк модели асосида ислоҳотлар олиб борилаётганини айтганди. «Туркиянинг соғлиқни сақлаш тизимида иқтисод ва инсон ресурслари бўйича фойдали аспектлар кўп. Бундан ташқари, халқларимиз ўртасида руҳий, маданий қариятлар борасида муштараклик кўп», — деганди вазир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ