Туманга аёл киши ҳоким этиб тайинланди

Дилфуза Уралова . Sirdaryo.uz сайти фотосурати

Дилфуза Уралова Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига ҳоким этиб тайинланди, деб хабар беради «Газета.uz». У ҳозирда республика шаҳар ва туманларини бошқараётган ҳокимлар ичида ягона аёл кишидир.

Халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси Ураловани ҳоким этиб тайинлади. Бунга қадар Уралова Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.Аввалги ҳоким Ўлмасжон Мамадаминовнинг бошқа ишга ўтаётганлиги муносабати билан Боёвут тумани ҳокими лавозимини Уралова эгаллади.

Боёвут туманининг янги ҳокими 1985−1990 йиллар мобайнида Гулистон давлат университети талабаси бўлган, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 10-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, директори вазифасида ишлаган.

Уралова, шунингдек, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

У 2015−2017 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

«Не молчи» Telegram-канали администрацияси маълумотига кўра, Уралова Ўзбекистон тарихида бешинчи бор тайинланган ҳоким аёл ҳисобланади. Унга қадар Андижон вилояти Жалалқудуқ туманини Манзура Эгамова, Хоразм вилояти Боғдод туманини Шакаржон Жуманиёзова, Самарқанд вилояти Самарқанд туманини Раҳима Ҳакимова, Наманган вилояти Косонсой туманини Тохирахон Маризаева бошқарган.

2019 йил июнда Олий мажлис Сенатининг раҳбари этиб Танзила Нарбаева тайинланди. У мамлакат тарихида Парламент юқори палатасини бошқараётган биринчи аёл ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ