Аэропортларни бошқариш бўйича тендер ўтказилади

Урганч аэропортидаги регистрация жойи. Uz24.uz сайти фотосурати

Ўзбекистондаги аэропортларни бошқарадиган компаниялар тендер якунига қараб танлаб олинади. Бу ҳақда республика Транспорт вазирлиги раҳбари Элёр Ғаниев 12 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб хабар беради «Газета.uz».

Самарқанд, Урганч, Наманган аэропортларини модернизация қилиш билан шуғулланиш истагини билдирган Россиянинг «Новапорт» холдинги билан ҳамкорликка оид саволга Ғаниев мана шундай жавоб берган.

Мазкур холдинг билан шартнома 2019 йил май ойида имзоланган. Дастлаб «Новапорт»нинг аэропортларни хусусийлаштирмасдан, концессияга (маълум муддатга эксплуатацияга бериш шартномаси) олиши кўзланганди. Лекин декабрда ҳукуматнинг ушбу объектларни 30 йилга концессияга беришга тайёр эмаслиги маълум бўлди.

Шунда Япониянинг Sumitomo Corporation компаниясини ҳамкорликка жалб этиш таклифи киритилди. Мутахассисларнинг фикрича, японлар ҳам оз муддатли концессияга рози бўлмайдилар.

«Шунинг учун япон ёки руслар компанияси аэропортлар бошқаруви билан шуғулланади дейишга ҳали эрта. Буни тендер якунлари кўрсатади», — деди Ғаниев.

Uzbekistan Airports раҳбари Равшан Исмоиловнинг сўзларига кўра, 2020 йили Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропорт реконструкция қилинади. Бу йўловчилар оқимининг бир йилига 7-8 млн бўлишини таъминлайди. «Тошкент-Шарқий аэропорти ишга тушгач, йўловчилар оқими 10 миллиондан ортади. Талаб икки аэропортнинг ўртача имконияти чегарасидан ортганидан сўнг, вақт йилига 50 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган замонавий аэропорт қуришни тақазо қилади. Бу яқин ўн йиллар ичида амалга ошиши мумкин», – деди Исмоилов.

Унинг сўзларига кўра, келажакда Халқаро аэропорт пойтахтдан четга, «Ангрен ёки Чиноз томонга, шаҳардан 30-35 километр олис жойга кўчирилади».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ