Саудия Арабистони компанияси Сирдарёда йирик лойиҳани амалга оширади

Музокарадаги Саудия Арабистони делегацияси. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Саудия Арабистонининг Acwa Power компанияси Сирдарё вилоятида умумий қуввати 1250 МВтга эга иккита буғ-газ қурилмасини (БГҚ) бунёд этади. Лойиҳанинг қиймати $1 миллиардни ташкил этади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Объектларни лойиҳалаштириш, қурилмаларни монтаж қилиш ишлари чет эл сармояси ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда инвестор томонидан ФИК 60 фоиздан юқори бўлган БГҚнинг энг сўнгги моделларидан фойдаланилади, улар йилига 10,0 млрд. кВт.с.га яқин электр энергияни ишлаб чиқаради.

Буғ-газ қурилмалари Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида ўрнатилади.

Бундан ташқари, ACWA Power компанияси билан биргаликда Навоий вилоятида қуввати 500 МВт.га тенг шамол электр станциясини қуриш бўйича битимни имзолашга доир тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни дамда мутахассислар мазкур объектни бунёд этиш учун салоҳиятли майдончани аниқлашга доир ишларни олиб бормоқдалар.

Acwa Power компанияси 2004 йили ташкил этилган. У энергетика соҳасида дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатида қиймати $45 млрд.га тенг лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Ўтган йил октябрь ойида компания Навоий вилоятида қурилажак фотоэлектр станцияси тендерида иштирок этаётгани тўғрисида хабар берилганди. Бироқ, унда Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси ғолиб келиб, лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги Қашқадарёдаги Талимаржон иссиқлик станцияси қувватини иккита янги буғ-газ қурилмалари ҳисобига ошириш ниятида. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати $1 миллиардни ташкил этади. Уни молиялаштиришда Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон реконструкция ва ривожланиш жамғармаси иштирок этади. Қўшимча янги қурилмалар 2022 йили ишга туширилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ