Диний экстремизмда айбланиб қамалган ишбилармон Авакян озодликка чиқди

Арамаис Авакян. "Тошкент" телеканалидан лавҳа

2016 йили диний Жиноят кодексининг экстремист ташкилотларда иштирок этиш, Ўзбекистон Конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва қатор моддалари билан қамалган жиззахлик ишбилармон Арамаис Авакян озодликка чиқди. Республика Олий суди матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда «Газета.uz» Авакяннинг қамоқ муддати тугаганлиги сабаб эркинликка чиққанини маълум қилади.

Авакян 2016 йил февралда қамалган. У суд томонидан Жиноят кодексининг 159-моддаси («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»), 161-моддаси («Қўпорувчилик»), 169-моддаси («Ўғрилик»), 244−1 моддаси («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш») ва 244−2 моддаси («Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш») назарда тутган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.

Айбланувчи умумий режимда жазо муддатини ўташ шарти билан етти йилга озодликдан маҳрум этилган. 2018 йил майда маҳкум жазони ижро этиш манзил-колониясига ўтказилади. Жорий йилнинг 31 январь куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов коллегияси қуйи инстанция қарорларидаги Авакянга тегишли модда қисларини ўзгартиради. Унинг жазо муддати 4 йил, 4 ой ва 27 кунгача қисқартирилади. Жазо муддатини ўтаб бўлган Арамаис озод этилади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм фермернинг озод этилганини олқишлайди. «Бу қонун устуворлиги сари қўйилган яна битта муҳим қадамдир», — деб ёзади элчи Твиттердаги саҳифасида Шуни айтиш жоиз, Авакянга қўшилиб унинг дўстлари ҳам узоқ муддатли қамоқ жазоларига маҳкум этилганлар. Суд коллегияси Авакян дўстларига нисбатан ҳам қарорини ўзгартирганми-йўқми, бу-номаълум.

Авакян Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида балиқ етиштириш бизнеси билан шуғулланган. Ишбилармон қариндошларининг сўзларига кўра, туман ҳокими Ғофур Қаршибоев Авакян бизнесига қизиқиб қолади. Ишбилармон ҳоким тавсия этган инсонга ўз бизнесини расмийлаштиришдан бош тортганидан сўнг турли муаммолар пайдо бўла бошлайди. 2015 йил 4 сентябрда Арамаис ва унинг тўртта дўсти — Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Аминов ва Акмал Маматмуродовлар ҳибсга олинадилар. Фақат қирқ кун изланишлардан сўнггина қариндошлари йигитлар Сирдарё вилояти Хаваст шаҳридаги изоляторда сақланаётнини билиб оладилар. Кейинчалик Авакян ва унинг дўстлари айбларга иқрор қилиш мақсадида уларни тўрт ой мобайнида қийноқларга солишганини айтганлар.

Судланувчилар диний экстремизм, терроризм, ИИВ ва МХХ вакилларини йўқ қилиш, ҳарбий аэродром, маҳаллий қамақхона ва бошқа муҳим объектларни портлатиш, Сурияда «Ислом давлати» (Россия ва Ўзбекистонда таъқиқланган террорчи ташкилот) таркибида жанг қилиш жиноятларида айбланадилар. Шунингдек, улар эски асбест ва бетон трубаларини қазиб олиб, сотганликда ҳам айбдор топилганлар.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Авакян ва унинг дўстлари сохта айблар билан жазолангани боис, уларнинг озод этилишини сўраб Ўзбекистон ҳукуматига бир неча бор мурожаат қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Бир кунда униб-ўсиб етилган торвуз ҳамда кучукка айланиб қолган болалар

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Абадий ҳаёт тўғрисидаги афсона ҳамда Ислом Каримов қабрига велосипедда бориб зиёрат қилиб келиш ҳақида

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Дониёл пайғамбар ва Хўжа Дониёл қандай қилиб битта мақбарада сиғишгани тўғрисида

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, ўн бешинчи очерк. Қуёш соати ва бокира ҳомиладорлик