Коронавирусга қарши унумли дори воситаси ҳозиргача ишлаб чиқилмаган

Шифокорлар коронавирусга қарши дорининг клиник текшируви бошланганини байрам қилмоқдалар. Xinhuanet.com сайти фотосурати

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган коронавирус 2019-nCoV эпидемиясига қарши курашда унумли дори воситаси қўлланилаётгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди, деб ёзади DW.

«Коронавирус 2019-nCoVга қарши ҳозирча унумли терапия воситалари йўқ», — дейди ЖСТ матбуот котиби Тарик Ясаревич Хитойнинг Чжэцзян университетида дори ишлаб чиқилгани ва британиялик олимларнинг бу йўлда муваффақиятга эришгани тўғрисидаги хабарларга изоҳ бераркан. ЖСТ барча вакциналарни тестдан ўтказишни маслаҳат беради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда дастурлар директори Майк Райан коронавирус билан касалланган одамларга қўшимча нафас ёрдами (респиратор кўмаги) кераклиги, ўз вақтида берилган тиббий ёрдам оғир касалларни ҳам оёққа турғазишини таъкидлаган.

Шу билан бирга, Вуханда ўтказилган тиббиёт конференциясида 6 февралдан коронавирус (2019-нКоВ) билан касалланган беморларнинг вирусга қарши «ремдесивир» дорисини истеъмол қилиши эълон қилинди, деб хабар беради Xinhua.Net.

Хитойнинг Фан ва технология вазирлиги, Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси ва Тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш миллий бошқармаси дорини клиник тажрибадан ўтказишга рухсат берган.

Ремдесивир — Американинг Gilead Sciences фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаси бўлиб, пневмония (SARS) ва Яқин Шарқ синдроми (MERS) коронавирусини даволаш бўйича ҳайвонларда ўтказилган тажрибаларда яхши натижалар берган.

Хитойнинг Хубэй провинциясида коронавирусдан 479 нафар одам ўлган, дунёнинг 25 мамлакатида 24600 дан ортиқ одамлар касалланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ