Европа суди полицияда қийноққа солинган ўзбекистонлик фойдасига Россияга 25 минг евро миқдорида товон пули солди

ЕИҲС биноси. Wikipedia.org сайтидан CherryX фотосурати

Европанинг инсон ҳуқуқлари бўйича суди (ЕИҲС) Ўзбекистон фуқароси Мўъмин Султоновнинг полиция бўлимида қийноққа солингани сабаб Россия ҳукуматини жабрланувчига 25 минг евро миқдорида товон пули тўлаши борасида қарор чиқарди. ЕИҲС қарори суд сайтида эълон қилинган.

Суд материалларига кўра, Султонов 2009 йили сентябрь ойида полиция ходимлари томонидан ўғирликда гумонланиб, Санкт-Петербургнинг № 47 полиция бўлимига келтирилади. У ерда полициячилар айбни тан олдириш учун ўзбекистонликни калтаклашади, электр токи билан қийноққа солишади. Кейинчалик шаҳарнинг №109 касалхонаси врачлари Султонов бўйнидаги чандиқ, чап кўзидаги гемотом, баданидаги шикастларни қайд этадилар. Султонов полициячиларнинг унга нисбатан зулм ўтказгани устидан Тергов қўмитаси ва прокуратурага ариза билан мурожаат қилади. Бироқ, тергов ходимлари тўрт маротаба жиноий иш қўзғатишдан бош тортадилар.

Россия ҳукумати судда Султоновнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича конвенцияни бузганлиги, яъни даъвогар давлат ичидаги мавжуд барча ҳуқуқ органларига мурожаат қилгандан сўнггина Европа судига ариза бериши кераклигини иддао қилган.

Жумладан, Россия томони ўзбекистонликнинг судда жиноий иш қўзғатилмаганини исбот қилмаганига урғу берган. ЕИҲС бу даъвони инкор қилган, зеро тўрт маротаба жиноий иш қўзғатмаслик ҳолатининг ўзи судга мурожаат қилишга ҳожат қолдирмаслигини ишора қилган.

Россия Султоновга товон пулини уч ой ичида тўлаши керак. Акс ҳолда, Европа марказий банки фоиз ставкасида ушбу суммага пеня қўшилиб боради.

Европа суди Султонов ишидан ташқари қийноқ ва зулмкорона муносабатлар сабаб Россия ҳукуматини судда берган ўнлаб аризаларни кўриб чиқди. Суд барча ҳолатларда ариза берган фуқароларни ҳимоя қилди ва Россиянинг жабрланувчиларга 262,6 минг евро миқдорида товон пули тўлаши мажбурлигига доир қарор чиқарган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россияда чет эллик мигрантларнинг патент олиши учун COVID-19 инфекциясига тест топширишни шарт қилиб қўйдилар

  • Тошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди

  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган