53 нафар ўзбекистонлик йўловчиси бор автобус Нур-Султон шаҳри яқинида қорга ботиб қолган

Қорга ботиб қолган автобус. 365info.kz сайти фотосурати

Ўзбекистондан 53 нафар йўловчи билан Россияга йўл олган автобус Нур-Султон яқинида қорда ботиб қолган, деб хабар беради Қозоғистон пойтахти полиция департаменти.

Ҳодиса шимолий айланма йўлида юз берган. Полиция автопатрули ёрдамида автобус қор уюмидан чиқариб олинган, йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилган.

Сўнгги бир неча кундан бери Қозоғистон пойтахти Нур-Султон ва унинг атрофида қорли бўронлар тинмаяпти, пойтахт қорга чўмган, шамолнинг тезлиги сониясига 25 метрни ташкил этади. 27 январь куни маҳаллий ҳудуд миқёсида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Ҳозирги пайтда Нур-Султондан турли йўналишларга тарқалган йўллар ёпиқ. Полиция маълумотларига қараганда, кейинги икки кун ичида трассалардан 64 нафар одам эвакуация қилинган, улардан учтаси ҳомиладор аёл бўлган.

23 январда бошланган қорли бўронлар оқибатида 1020 нафар одамга ёрдам берилган. Йўлларни қордан тозалаш ишларига қозоқ ҳарбийлари жалб қилинган.

КазИнформ маълумотларига кўра, улар Нур-Султон — Павлодар, Нур-Султон — Кокшетау ва Нур-Султон — Отбосар трассаларини қордан тозаламоқдалар. Ижтимоий тармоқларда қор уюмига ботиб қолган БТР (ҳарбий транспорт)ни чиқариб олишга бўлган уринишлар видеоси тарқала бошлади.