Хитой ҳукумати вирусга қарши курашга деярли $9 млрд ажратди

YouTubeдаги South China Morning Post канали видеосидан лавҳа

Хитой ҳукумати пневмония касаллигини келтириб чиқарувчи янги вирусга қарши курашга 60,3 млрд юан ($8,7 млрд.га яқин) миқдорида маблағ ажратди. Бу ҳақда ХХР Молия вазирлигига таянган ҳолда Reuters хабар беради.

Шунингдек, давлат Тараққиёт ва ислоҳотлар миллий комиссияси Уханда (дастлаб вирус тарқалган шаҳар) янги клиникалар қурилиши учун 30 млн юан ($43,5 млн) ажратишни режалаштирган. Энг сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус билан касалланган одамларнинг сони 2,7 мингни ташкил этади. Уларнинг барчаси хитойлик бўлиб, ярмидан кўпи Хубэй (Ухань жойлашган) марказий провинциясига тўғри келади. Айрим ҳолларда коронавирус билан чалинганлар Осиё мамлакатлари (Сингапур, Вьетнам, Жанубий Корея, Япония, Таиланд ва Непал), Европа (Франция), Шимолий Америка (АҚШ ва Канада), шунингдек, Австралияда қайд этилган.

Касаллик ўта оғир ва оғир ҳолда кечмоқда (сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда 81 та одам касалликдан вафот этган). Касалликка чалинган одамларнинг айримлари соғайган, кўпчилиги шифохонада қолмоқда.

Хитойда вирусга қарши кураш доирасида ўндан ортиқ шаҳар (орасида Ухань ҳам бор) изоляция қилинган. Қатор компаниялар ўз ходимларини масофадан ишлаш тизимига кўчирган ва хитойликларнинг Янги йил байрами муносабати билан ишчиларнинг таътил кунларини узайтирган. Вируснинг тарқалиши юан курси, жамғарма бозорларидаги индекснинг тушиб кетишига сабаб бўлган. Шунингдек, таҳлилчилар нефть нархининг тушиб кетишини ҳам шу касаллик билан боғлашмоқда (сўнгги маълумотларга кўра, Brent маркасидаги нефтнинг бир баррели $59,41 баҳоланган). Ўпка яллиғланиши касаллиги, яъни пневмония ўтган йил декабрь ойида Хитойда пайдо бўлди. Таҳлиллар мазкур касалликнинг тарқалишига коронавирус сабаб бўлганини кўрсатди.

Унинг манбаи — маҳаллий бозорларда сотилган гўшт бўлган (кўршапалаклар истеъмол қилувчи ҳайвонлар гўшти). Кейинчалик инфекция одамдан одамга юқиши аниқланди.

Касалликнинг тарқалишига хитойликларнинг миллий байрами Янги йил туфайли мамлакат ичкарисида ва дунё бўйлаб саёҳатларга отланиши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ХХРдан сайёҳларни кутаётган мамлакатлар чегараларда санитар назоратини кучайтирганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ