Ўзбекистон ҳукумати тақиқланган диний адабиёт ва ташкилотлар рўйхатини янгилади

Rus.ozodlik.org сайти фотосурати

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси республикага олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш ман этилган диний мавзудаги материалларнинг янги рўйхатини тузди. Рўйхат нусхасига эга «Озодлик» радиосининг таъкидлашича, унга «хизмат доирасида фойдаланиш учун» муҳри босилган. Радиостанциянинг ички ишлар органидаги манбаси ҳужжат ИИВга берилганини айтади, лекин вазирлик ходимлари ушбу маълумотга изоҳ беришдан бош тортганлар.

Ҳужжат 40 варақдан ортиқ бўлиб, унга киритилган материалларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва қатор давлатларда (жумладан, Россияда ҳам) диний экстремист, радикал ва террорчи деб топилган ташкилотлар, гуруҳлар вакиллари ва алоҳида уламоларга тегишли маърузалар, китоблар, сайтлар, ижтимоий тармоқдаги саҳифалар, каналлардир.

Булар орасида »Ҳизбут Таҳрир», «Нурчилик ҳаракати», «Акромийлар жамоаси», «Нурсафардия ҳаракати», «Тавҳид ва жиҳод катибаси», «Жабҳатун нусра», «Таблиғ жамоати» ва ҳоказо гуруҳ номлари қайд этилган.

Шунингдек, қора рўйхатга номаълум муаллифлар томонидан интернет-сайтлари ва ижтимоий тармоқларда нашр этилган маъқолалар, шеърлар, ваъазлар, сиёсий-диний мавзудаги видеоматериаллар ҳам киритилган.

Таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг «Бу кунлар» китоби, 2018 йили Ўзбекистонни тарк этган «Омина» масжидининг собиқ имом-хатиби Фазлиддин Парпиевнинг президентга видеомурожаати ҳам рўйхатга киритилган.

Рўйхат варақларидан бири. Rus.ozodlik.org сайти фотосурати

Рўйхатдан Швециядан сиёсий бошпана олган қорақалпоғистонлик имом Муҳаммадсодиқ Обутов, қорасувлик имом Рашод Камолов ҳамда унинг марҳум отаси Муҳаммадрафиқ Камолов, Швецияда сиёсий бошпана берилган наманганлик имом Обидхон Назаров, 1994 йилда Тошкент аэропортида ғойиб бўлган андижонлик имом Абдували Мирзаевлар ўрин олган.

2018 йили Ўзбекистон ҳукумати “экстремист ғояларни тарғиб қилувчи ОАВ, интернет контентларини” блоклашга имкон берувчи қарор қабул қилган. 2019 йили ушбу ҳужжат доирасида Ўзбекистон Адлия вазирлиги суд томонидан экстремист деб топилган ва мамлакатда тақиқланган 42 та ахборот ресурслари рўйхатини эълон қилди.

Жумладан, унга najot.info и hizbuzistanistan.info веб-сайтлари, шунингдек, Facebook, Telegramдаги айрим канал ва саҳифалар ва Youtubeдаги айрим видеопорталлар киритилган.

Мамлакат ичкариси ва чегарасида рўйхатга киритилган материаллар билан ушланган ўзбекистонликларга нисбатан Жиноят Кодексининг 244-1 моддаси («жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш») ва 246- моддаси («диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон божхона чегарасидан ўтказиш») қўлланилади. Унга кўра фуқаро жарима тўлаши ёки беш йилгача озодликдан маҳрум бўлиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ