Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳларнинг сони ортган

Ўзбекистондаги туристлар. "Ўзбектуризм"матбуот хизмати фотосурати

2019 йили Ўзбекистонга 6 748 500 нафар хориж фуқаролари ташриф буюрган. Бу аввалги йилга нисбатан 26 фоиз кўп миқдорни билдиради, зеро, 2018 йили мамлакатга 5 346 200 нафар чет эл фуқароси келганди. 10 январь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган брифингда мана шу маълумотлар тилга олинди. Чет элликларнинг аксарияти, яъни 81,8% қариндош-уруғларини зиёрат қилгани келган. Фақат 15 фоиз сайёҳларгина мамлакатга келишдан мақсадини «туризм» деб кўрсатган. Келганларнинг 3 фоизи даъволаниш, ўқиш ва иш юритиш мақсадларида бўлган.

Туризмни ривожлантириш давлат кўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонга Марказий Осиё республикаларидан 5, 7 миллион одам ташриф буюрган, 496 минг одам МДҲга аъзо давлатлардан ва 400 минг турист узоқ хориж мамлакатларидан келишган.

Ўтган йили республикага ташриф буюрганларнинг аксариятини — Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия, Туркия, Афғонистон, Хитой, Жанубий Корея ва Ҳиндистон фуқаролари ташкил этган.

2019 йили туризм соҳасидаги хизматлар экспорти $1,3 млрд ташкил этган. 2018 йили бу соҳадаги кўрсатгич — $1,04 миллиардни кўрсатган эди. Ҳозирда Ўзбекистонда 833 та меҳмонхона, 214 та хостел ва туристларни қабул қиладиган 141 та объект фаолият юритмоқда. Республикада қиймати $1,1 млрд бўлган 26 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Меҳмонхоналарнинг тўлиқлиги бўйича 100 фоиз кўрсатгич билан Бухоро вилояти етакчилик қилмоқда. Шунингдек, ўтган йили Тошкент, Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги меҳмонхона, хотеллардаги номерларнинг 80 фоизи меҳмонлар томонидан брон қилинган.

2016 йили Ўзбекистон иқтисодиётида туризм стратегик сектор мақомини олди. Шундан бери ушбу соҳани ривожлантиришга доир 55 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинди. Шу билан бирга виза режими либераллаштирилди, чет эллик туристларнинг мамлакатга кириши процедуралари енгиллаштирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ