Дюранд чизиғидаги даҳшатли воқеалар

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги очиқчасига уруш глобал хавфсизликка таҳдид солиши мумкин

Афғонистон ва Покистон ўртасидаги узоқ давом этиб келаётган можаро 27 февраль куни «очиқчасига уруш» даражасига етиб келди. Можаро халқаро ҳамжамият диққатини тортди. Покистон ядровий қуролга эга экани ва Афғонистон Ислом Амирлиги деб аталмиш давлат архаик режимлардан бири бўлиб, у фақат Россия томонидан расман тан олингани ҳисобга олинса, бу ҳолат ажабланарли туюлмайди. Бироқ, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қўшма ҳужуми Афғонистон-Покистон урушини янгиликлардан четга суриб қўйди. Бироқ, яқиндан кўриб чиқилса, унинг дунё учун аҳамияти Эрон оятуллоҳ режимини ағдаришга уринишдан кам эмас ва эҳтимол ундан ҳам муҳимроқдир. Лекин бу масалага ётиғи билан ёндашамиз.

Террор дояси

Икки мусулмон мамлакати ўртасидаги ҳозирги қарама-қаршиликнинг илдизлари минтақанинг мустамлака тарихига бориб тақалади. 1893 йили Афғонистон ва Британия Ҳиндистони ўртасида чегара ўрнатилган, унга ҳозирги Покистон ҳудудлари ҳам кирган. Бу Дюранд чизиғи деб номланган бўлиб, Афғонистон амири Абдураҳмон Хонни халқаро чегарага рози бўлишга кўндирган Британия Ҳиндистони Ташқи ишлар вазири Генри Мортимер Дюранд шарафига номланган. Бу «чизиқ» камида 2640 километрга чўзилган. Ўша даврдаги мустамлакачилик одатларига мувофиқ, чегара маҳаллий хусусиятларни, хусусан, бу ҳудудларда анъанавий равишда пуштун қабилалари яшагани эътиборга олинмаган. Натижада, Дюранд чизиғи қариндош жамоаларни иккига бўлиб, мавжуд алоқаларни бузган ва охир-оқибат вақт келиб портлайдиган бомбага айланган.

Асосий муаммолар 1947 йили, Покистон мустақилликка эришгандан сўнг бошланган. 1949 йил июль ойида Покистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар шу қадар ёмонлашганки, Дюранд чизиғи бўйлаб бир нечта қуролли тўқнашувлар содир бўлган. Шундан сўнг, Афғонистон расмийлари Кобул «хаёлий чегара»ни тан олмаслигини ва бу масала бўйича аввалги барча келишувлар ноқонуний эканини эълон қилишган.

Мустақил пуштун давлати — Пуштунистонни тузишга уринишлар қийин вазиятни янада мураккаблаштирган. 1949 йил август ойида Покистоннинг Тираҳ шаҳрида шарқий пуштун қабилалари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган. Унда Пуштунистоннинг ташкил топгани эълон қилинган, Миллий Ассамблея сайланган ва давлат байроғи тасдиқланган. Ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган Афғонистон ҳукумати 31 августни Пуштунистон миллий куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Бироқ, уринишлар муваффақитсиз тугаган: Покистон янги давлатни тан олмаган ва иккиланмасдан исёнкор пуштун қабилалари ҳудудларини ҳам, Афғонистоннинг ўзини ҳам бомбардимон қила бошлаган. 1950 йили Покистон ҳукумати Афғонистонга қарши ҳарбий куч ишлатиш билан тўғридан-тўғри таҳдид қилади. Кейинчалик, пуштунлар нафақат Афғонистонда, балки Покистонда ҳам муҳим рол ўйнагани ва 1950 ва 1960 йилларда улар ҳукуматда ҳам, армияда ҳам юқори лавозимларни эгаллаганлиги ўзаро зиддиятларни бироз юмшатади. Бироқ, пуштун масаласи ҳал қилинмасдан қолади.

Дюранд чизиғи қизил ранг билан белгиланган. bhaskarenglish.in сайти фотосурати

1970 йилларда Покистон Бош вазири Бҳутто балуж ва пуштун миллатчилари қўзғолонини бостиргандан сўнг, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар яна ёмонлашган. Бироқ, 1977 йили пуштунларда ўз автономияларини тузиш имконияти пайдо бўлади, бунинг эвазига Афғонистон мамлакатлар ўртасидаги барча ҳал қилинмаган масалаларни ҳал қилишга тайёр бўлади. Бироқ, бу ҳодиса амалга ошмай қолган.

Пуштунлар масаласи кескинлиги аста-секин пасаяди, аммо у ҳал қилинмай қолиб кетади.

1979 йили Совет Иттифоқининг Афғонистонга бостириб кириши сиёсий мувозанатни яна ўзгартиради. Совет-Афғон уруши тугагандан сўнг, Покистон разведкаси толибларни* ўқитиш ва тайёрлашни бошлайди.

«Афғон «Толибон»ининг* дояси Покистоннинг идоралараро разведка (ISI) бўлган... Оммавий ахборот воситалари худди ўша «Толибон» ҳокимият тепасида турган Покистон ва Афғонистон ўртасидаги янги жанговар ҳаракатларни шарҳлай бошлаганида буни ёдда тутиш керак. Куни-кеча Покистон Мудофаа вазири Хаважа Осиф уларга қарши «очиқ уруш»ни эълон қиларкан, «Толибон» ҳаракатининг сиёсий келиб чиқишининг айнан мана шу хусусиятига ишора қилиб, «икки давлат яқинлигидан келиб чиқиб, Покистон армияси ўзининг душманини ва ва унинг заиф томонларини яхши билишини» маъноли равишда қўшимча қилди», — деб ёзади сиёсатшунос Аркадий Дубнов.

Экспертнинг сўзларига кўра, Афғонистонда илк бор ҳокимият тепасига келганларида (1996-2001) толиблар исломий радикаллар орасидан ўз мавқеига эга бўлишга уриниб, мамлакатга «Ал-Қоида»ни* таклиф қилган, бу эса, кейинчалик билганимиздек, улар интиҳосининг бошланиши бўлган. Бироқ, бундан яхши сабоқ олишмаган: толиблар 2021 йили яна ҳокимият тепасига келишганида Покистон «Толибон»ига (Теҳрик-и Талибан Покистон *, ТТП) ўз ҳудудларида бошпана беришган ва покистонлик толиблар ислом дунёсидаги ягона ядровий давлат бўлмиш Покистон ҳукуматига қарши кураша бошлаган.

Покистон аримиясининг афғон шаҳарларига ҳужумидан кейинги ҳолат. pajhwok.com сайти фотосурати

«Қасос операциялари»

Дастлаб Покистоннинг толиблар Афғонистони билан муносабатлари анча дўстона бўлди. Бироқ, бир неча йиллар давомида улар аста-секин ёмонлашди. Келажакдаги муаммоларнинг биринчи белгиси 2021 йили толиблар вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг Покистон давлат тизимининг исломий моҳиятини очиқчасига рад этган нутқи бўлди. 2022-2024 йиллари мамлакатлар ўртасидаги алоқалар, асосан, бир-бирини танқид қилиш туфайли барқарор равишда совий бошлади. Шу тариқа, «Толибон» етакчиси мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг Покистон қонунларини исломга зид деб атаган нутқидан парча чоп этилди. Пойтахти Исломобод бўлган покистонликлар учун буни эшитиш ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақоратли эди.

Қандай бўлмасин, 2025 йилга келиб муносабатлар кескин ёмонлашди. Юқорида айтиб ўтилган сабабларга қўшимча равишда, бошқалари ҳам бор эди. Улардан бири 2023 йили бошланган афғон қочқинларини Покистондан депортация қилиш кампания эди. Худди шундай муҳим сабаблардан бири толибларнинг Покистоннинг анъанавий душмани Ҳиндистон билан яқинлашуви бўлди, зеро Исломобод 2025 йил баҳорида ҳиндлар билан деярли кенг кўламли урушга кирган эди. Бундан ташқари, Покистон толибларни ТТП жангариларига бошпана беришда айблади.

Қўшнилар ўртасидаги ўзаро таранглик шу даражага етдики, 2025 йил октябрь ойида Афғонистон-Покистон чегарасида қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Покистон толибларни ТТПни қўллаб-қувватлашда айблади ва толиблар эса Покистоннинг Афғонистондаги нишонларга берган зарбаларига жавобан «қасос операцияси» бошлаганини даъво қилди. Шунга қарамай, Қатар ва Туркия воситачилигида томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олдилар.

Бироқ, тинчлик шартномаси узоқ давом этмади.

2026 йил 6 февралда Исломободдаги шиа масжидида теракт содир бўлиб, бир неча ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди. 19 февраль куни портловчи моддалар ортилган автомобил Бажаур вилоятидаги назорат-ўтказиш пунктига бостириб кириши оқибатида 11 аскар ва бир бола ҳалок бўлди. Покистон расмийлари ҳужумчи Афғонистон фуқароси бўлганини таъкидлашди. 2 февраль куни яна бир теракт содир бўлди: Покистоннинг Банну туманида худкуш-террорчи ҳарбий карвонга ҳужум қилди, натижада икки аскар ҳалок бўлди.

22 февраль куни Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари Афғонистоннинг шарқий вилоятлари – Нангарҳор ва Пактикага бир қатор ҳаво зарбаларини берди. Покистон расмийларининг айтишича, зарбалар ТТП жангариларининг лагерлари ва бошпаналари нишонга олган. Покистон ҳарбийлари чегарадаги етти нишонга берилган зарбаларда камида 80 нафар жангари йўқ қилинганини маълум қилди. Афғонистон томони эса аслида тинч аҳоли манзиллари, жумладан, мадрасалар бомбардимон қилингани, натижада беш талаба ҳалок бўлганини маълум қилди. Афғонистон олий раҳбарининг матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўнлаб тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақида хабар берди.

26 февраль куни афғон ҳарбийлари Дюранд чизиғи бўйлаб кенг кўламли операция бошланганини эълон қилишди. Афғонистон, афғон манбаларига кўра, 15 дан ортиқ чегара постларини ўз назоратига олган. Шу билан бирга, афғон томони бу ҳаракатлар «мудофаа характерига эга» экани ва кейинги авиазарбалар олдини олишга бўлган ҳаракат эканини таъкидлади. Шу билан бирга, афғонлар Ҳайбар ва Қуррам ҳудудларида Покистон қўшинларини артиллериядан ўққа тутганини маълум қилди.

Покистон Мудофаа вазири Хаважа Асиф. EPA фотосурати

27 февралда Покистон ҳаво ҳужумларининг иккинчи тўлқини бошланганини эълон қилди. Нангарҳор ва Пактия провинциялари, шунингдек, Қобул ва Қандаҳор яқинидаги объектларга ҳужум қилинди. Ўқ-дорилар омбори ва қўмондонлик пункти зарбага учрагани хабар қилинди ва Покистон Мудофаа вазири Хаважа Осиф Афғонистон билан «очиқчасига уруш» бошланганини эълон қилди.

Тўқнашувлар Афғонистоннинг олти чегара вилояти – Нангарҳор, Нуристон, Кунар, Хост, Пактия ва Пактикани қамраб олди. Покистон ҳудудида — Читрал, Ҳайбар, Моҳманд ва Қуррам вилоятларида отишмалар қайд этилган.

28 февралга ўтар кечаси Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари Покистон ҳарбий объектларига зарбалар берди. Натижада, афғон томонининг маълум қилишича, базалар вайрон қилинган ва Покистон армияси катта йўқотишларга учраган. Афғонистон Мудофаа вазирлиги ҳужум Покистоннинг «мунтазам ҳаво ҳужумларига» жавоб эканини таъкидлади.

1 март куни Афғонистон Покистондаги ҳарбий объектларга янги ҳаво ҳужумларини бошлади. Покистон Ахборот вазири Аттаулла Тарар Афғонистон томони можаролар давомида 995 кишини йўқотганини, улар ўлган ва яраланган одамлардан иборат эканини таъкидлади. Ўша куни кечқурун AFP агентлиги Кобулда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлагани ва портлашлар юз бергани ҳақида хабар берди.

Можаро қанча вақт давом этиши мумкин?

Саудия Арабистони ва Қатарнинг ўт очишни тўхтатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларига қарамай, жанглар давом этмоқда. Можародан нафақат минтақа давлатларини, балки бутун жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Покистон ва Афғонистон ўртасидаги урушнинг ўзи хавфли ва ўта беқарорлаштирувчи омил. Бошқа нарсалар билан бир қаторда, ҳозирги вазият тўқнашувда бевосита иштирок этаётган ТТПни ҳисобга олмаганда, «Ал-Қоида» ва «Ислом давлати»* каби турли хил террорчилик ташкилотларининг фаоллашуви билан тўла.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ экспертлари Афғонистонда 20 дан ортиқ турли террорчилик гуруҳларини ҳисоблаб чиққан эди. Энди бу ари уяси ўз мақсадларига эришиш учун можародан фойдаланиши мумкин.

Воқеаларга халқаро ҳамжамиятнинг муносабати аниқ бўлди. Урушаётган томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирган давлат ва ташкилотлар орасида Қатар ва Саудия Арабистонидан ташқари Ўзбекистон, Хитой, Эрон, Туркия, Россия, шунингдек, БМТ Бош котиби Гутерриш ҳам бор.

Ҳозир ҳаммани ташвишга солаётган асосий савол — бу можаро қанчалик узоққа боради? Икки ядровий давлат — Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда кескинлашган 2025 йилнинг баҳоридан фарқли ўлароқ, ҳозирда ҳеч ким ядровий қиёматни кутмаётганга ўхшайди. Покистоннинг ядро қуролидан фойдаланишига ҳожат йўқ: оддий қуроллар бўйича у Афғонистондан жиддий устун туради. Бироқ, толиблар Афғонистонда ўрнашган турли террорчи гуруҳлардан фойдалангани ҳолда бу икки давлат ўртасидаги уруш назарий жиҳатдан гибрид урушга айланиши мумкин. Терроризмнинг минтақа бўйлаб бундай тарқалиши эса жаҳон ҳамжамиятини ниҳоятда хавотирга солмоқда.

Қандай бўлмасин, яқин келажакда жанговар ҳаракатлар тугаши ёки вақти-вақти билан отишмалар суст босқичга ўтиши мумкин. Вазият бутунлай вайрон қиладиган урушга бориб тақалиши даргумон; ҳар икки томон учун ҳозирги можаро уларнинг ҳақ эканини таъкидлаш учун асосдир.

Ҳозирча дунё Эронни кузатар экан, айнан шу ерда, 2640 километрлик чигал чегара бўйлаб терроризм минтақавий муаммо бўлиб қоладими ёки яна глобал муаммога айланадими, деган саволга ечим топилмоқда.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ