Олмаота шаҳридаги Ал-Фаробий ва Назарбоев шоҳ кўчалари чорраҳасида тадбиркор ва хайриячи Нурлан Смагулов томонидан асос солинган замонавий санъат музейи очилди. Бу воқеа нафақат Қозоғистоннинг жанубий пойтахти, балки бутун минтақа маданий ҳаётида янги саҳифа бўлди. «Фарғона» санъатшунос Валерия Ибраева билан музейни ташкил этиш ғояси қандай пайдо бўлгани, унинг муҳимлиги ва у ерда кимларнинг асарлари намойиш этилаётгани ҳақида суҳбатлашди.
— Илгари Қозоғистон ёки бошқа Марказий Осиё давлатларида шундай музейлар бўлганмиди?
— 9 сентябрь куни бўлиб ўтган тадбиргача (Олмаотада расмийлар ва журналистлар учун янги музейнинг «муқаддима» кўргазмаси бўлиб ўтган пайтда — «Фарғона» изоҳи) Марказий Осиёда замонавий санъат музейлари бўлмаган. Қолаверса, Совет даврида Қозоғистоннинг улкан ҳудудида атиги еттита тасвирий санъат музейи мавжуд эди. Мустақиллик билан яна иккитаси қўшилди — давлат санъат галереялари музейларга «айланди». Улар 1934 йилдан бошлаб ва замонавийларигача бўлган тарихий асарларни намойиш этдилар, аммо contemporary art йўқ эди.
Замонавий санъат музейининг классик музейдан тубдан фарқи шундаки, у сўнгги ўттиз йил ичида яратилган, атрофдаги ҳаётга муносабат билдирувчи санъатни намойиш этади, қайд этади ва ўрганади. Маълумки, социалистик реализм санъати иллюзия дунёсини яратган, замонавий санъатнинг қадри шундаки, у реал ҳаётни барча афзалликлари ва камчиликлари билан ўрганади.
— Ғоя туғилгандан то музей очилишига қадар қанча вақт ўтди?
— Аслида, Третяковдан Гуггенхаймгача бўлган ҳар қандай коллекционер биринчи навбатда ўз уйида йиғади, ҳайратга тушади ва завқ олади. Кейин коллекциялар сони ўсиб боради ва бундай коллекционер учун табиий ечим — бунинг учун музей қуриш керак бўлади. Аксарият музейлар, жумладан, Лувр, даставвал шахсий коллекциялардан ташкил топган.
Ўйлайманки, Нурлан Смагуловда бу фикр анча олдин, тахминан 20 йил аввал пайдо бўлган ва музейнинг биринчи тамал тоши 2021 йили қўйилган. Нурлан асарларнинг бир қисмини қозоғистонлик коллекционер Юрий Алексеевич Кошкиндан сотиб олган, у ҳам музейни орзу қилган ва ҳатто бунинг учун бинони ижарага олган. Аммо кейин, 90-йилларда, [бунинг учун] ҳеч қандай жиҳозлар ёки катта ғоялар бўлмаган — у шунчаки расмларни осиб қўйган ва бу музей эканини айтган.
Эндиликда ҳамма нарса бутунлай бошқача. Музей биноси замонавий санъатни намойиш этиш учун махсус қурилган. Унинг вазифалари классик музейдан фарқ қилади, чунки кўплаб техник муаммолар, жуда мураккаб сақлаш шароити мавжуд. Ва буларнинг барчаси жуда профессионал тарзда, жаҳон музейлари менеджменти даражасида амалга оширилади.
– У ерда кимларнинг асарлари намойиш этилмоқда, қайсиларини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз, экспозицияни қандай ғоя бирлаштириб туради?
— Биринчидан, булар бутун дунё музейларида намойиш этилаётган жаҳон замонавий санъати классиклари Яёи Кусама, Ансельм Кифер, Билл Виола асарларидан ташкил топган улкан заллар. Қозоғистон бўлимида иккита кўргазма мавжуд. Улардан бири қозоқчада «Қонақтар» («меҳмонлар») деб аталади — бу музей асосчиси Смагуловнинг ўзи тўплаган асарлар. Кўргазма устидан Латвиядан келган куратор Инга Лаcе ишлади, биз бундан жуда хурсандмиз, чунки унинг кўзи «иттик». У меҳмондўстлик анъаналарининг замонавий ҳаётда қўлланилишига доир кўргазма ташкил этди. Масалан, Солихитдин Айтбаевнинг 1970 йиллардаги асари бор — «Тракторчиларнинг кечки овқати» нинг версияларидан бири. Ушбу расмдаги қаҳрамонлар ҳақиқий меҳмондўстликни намойиш қилган ҳрлда бир-бирларига жой таклиф қилишади.
Миграцияга бағишланган асарлар мавжуд. Қозоғистонда турли тоифадаги муҳожирлар бор, масалан, қандаси – булар қондошлар, Афғонистон, Мўғулистон ва бошқа мамлакатлардан қайтган қозоқлар. Меҳнат муҳожирлари бор. Охирги пайтларда, ўзингизга маълумки, [Россиядан] кўплаб муҳожирлар келган, лекин улар ҳали санъатга қадам қўйишгани йўқ.
Бу Қозоғистоннинг ўтган аср 60-70-йилларидан тортиб энг бугунги кунгача бўлган барча санъат асарлари кўргазмаси, масалан, арабча ёзувлардан иборат Дили Каипова ва тоғ чўққиларини ғижимланган сантехника сифатида тасвирлаган Ербоссин Мелдибековнинг асарлари —бу санъатдаги оқилона ечимдир.
Шунингдек, музейда Олмаотада туғилиб ўсган Алмагул Менлибаеванинг шахсий кўргазмаси очилди. Бу унинг маҳаллий коллекционерлар томонидан бугунги кунгача сотиб олинган дастлабки асарларидан иборат ретроспективдир. Бу ерда гап нафақат санъат асарлари, балки видео, монтаж, яъни кўп қиррали ва техник жиҳатдан ранг-баранг кўргазма ҳақида кетмоқда.
Санъатимиз ривожланиб, халқаро майдонга чиқиши билан Олмагул Менлибаева Берлин ва Брюсселга кўчиб ўтди, у ерда ишлаяпти, катта муваффақиятларга эришмоқда, бундан биз фахрланамиз.

— Ҳозир Менлибаевадан ташқари қайси қозоғистонлик рассомлар дунёга машҳур? Қозоғистон замонавий санъати аста-секин жаҳон бозорига кириб бормоқда, дейиш мумкинми?
— Мен рассомлар ҳақида ҳеч нарса демайман, чунки биз биринчи навбатда замонавий санъат ҳақида гап бормоқда ва рассомликдаги тажрибалар замонавий рассом учун жуда қийин масала, чунки у анъаналар (социалистик реализм ва бошқалар) юки остида. Асосан, биз инсталляциялар, ҳайкаллар ва фотосуратларни [тақдим этамиз]. Шахсан мен Италияда бир қанча кўргазмалар ўтказдим, шунингдек, 2001 йили Берлиндаги Жаҳон маданиятлари уйида Марказий Осиё замонавий санъатининг биринчи кўргазмасини ўтказдим. (Валерия Ибраева Олмаотадаги Сорос замонавий санъат марказини ўн йилдан ортиқ вақт давомида бошқарган. — «Фарғона» изоҳи).
Агар номларни тилга оладиган бўлсак, булар бизнинг юлдузларимиз — Ербоссин Мелдибеков, Саид Атабеков, Сауле Дюсенбина, Елена ва Виктор Воробьёв, Сауле Сулеименова, Куаниш Базаргалиев, яъни асарлари билан дунёни кезган жуда катта ихчам гуруҳ. Улар жаҳон саҳнаси учун жуда қизиқарли санъат асарларини яратмоқдалар десам, ёлғон бўлмайди.
Шундай қилиб, бозорларга босқичма-босқич кириш ҳақида гапирсак — бу ҳозирда бошланмаган. Биз замонавий дунё санъати харитасида тахминан ўн йил олдин пайдо бўлганмиз ва, албатта, биз у ерда биринчи скрипкани ўйнамаймиз, лекин ўз ўрнимиз бор.
— Нурлан Смагулов музейи билан деярли бир вақтда Олмаотада очилган «Целинный» замонавий маданият маркази улар рақобатлашмайдими?
— «Целинный» ҳам улкан иморатда жойлашган, шунингдек, уни улкан миллионер қурган (гап машҳур олигарх Қайрат Бўранбоев ҳақида кетмоқда. — «Фарғона» изоҳи). Музей ва марказнинг деярли бир вақтнинг ўзида очилиши жуда муҳим, чунки музейнинг вазифаси асарларни сақлаш, ўрганиш ва намойиш этишдан иборат ва у ерга вақт синовидан ўтолган асарларгина келиб тушади. Улар кўргазмаларда, галереяларда, биенналеларда иштирок этишлари керак, кейин эса музейда архивланади. Замонавий маданият маркази эса айнан бадиий жараённи бевосита қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унинг вазифаси сақлаш, ўрганиш ва кўрсатиш эмас, балки яратиш, бадиий жараённи олға силжитишдир. Бу жуда муваффақиятли тандем. Иккита шундай йирик муассаса бадиий жараёнимизни улкан чўққиларга кўтаради, дея умид қиламиз.
-
08 Сентябрь08.09«Ўрда» бир муаммони қўзидиПрезидент Мурожаатномаси арафасида Тўқаевнинг энг яқин шериги «қўлга олингани» ҳақидаги медиа бомба тафсилотлари
-
29 Июнь29.06Шойи булутларШарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат
-
24 Апрель24.04Бир-бирини кузатиш вақтиПсихотерапевт Азизбек Болтаев — ўзини яккалаш даврида оилада тотувликни қандай қилиб сақлаб қолиш ва тушкунлик кайфиятидан қутилиш ҳақида
-
09 Февраль09.02Ҳар қадамда ОМОН, вайрона уйлар ва чегарадаги гавжум одамларҚозоғистонда юз берган воқеалардан кейинги вазият тўғрисида
-
14 Август14.08Денгиз транспорти ўрнини ҳеч нарса босолмайдиДенгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар муаммоларини ҳал қилиш мумкинми?
-
23 Июль23.07Нимаики бўлса — болалар учунҚозоғистон президенти Олмаотадаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг «ихтиёрий» кўчирилишига аралашишга мажбур бўлди