2021 йил 15 августда «Толибон»* жангарилари Афғонистон пойтахти Кобулни қаршиликсиз эгаллаб олганди. Ўшандан бери амалда янги ҳукумат тузилди. Аёллар ҳуқуқларини чеклаш ёки соқол олишни тақиқлаш каби радикал ҳаракатлари билан дарҳол ислом давлати қуриш йўлини белгилаган пулемётли қаттиққўл амакиларга жаҳон жамоатчилиги ишончсизлик билан қаради. Аммо, барибир, кўплаб мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ҳаракат Афғонистонни мана тўрт йилдан бери бошқариб келмоқда ва ўз позициясини ҳеч кимга бериб қўймоқчи ҳам эмас.
Ўтмишга қайтиш
Толибларнинг ҳокимият тепасига келиши Қўшма Штатлар Афғонистон лойиҳасидан зерикканидан сўнг имконли бўлди. 2021 йил баҳорининг охирида АҚШ ва унинг иттифоқчилари шошилинч равишда мамлакатни тарк эта бошладилар. Шу билан бирга радикаллар кўп қаршилик кўрсатмай, бирин-кетин аҳоли пунктларини эгаллашга киришдилар. Афғон армияси кўпинча толиблар билан жанг қилишдан бош тортди, балки ғарб техникаси ва замонавий қуролларини икки қўллаб душманга топширди. Ушбу воқеалардан олдин «Толибон» ва АҚШ вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтган. Мулоқот 2020 йил февраль ойида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган. Бу масала америкаликлар Афғонистондаги турли сиёсий кучлар ҳокимиятни тинч йўл билан бўлишиши ва идеал ҳолда умумий ҳукумат тузиши эвазига Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишга рози бўлиши билан якунланган.
Ҳужжат имзоланганидан беш йил ўтиб, толиблар етакчиларидан бири Анас Ҳаққоний Доҳа келишувини шарҳлар экан, буни «АҚШнинг мағлубияти» деб атади.
«Раҳбарларимиз имзо қўйгандан сўнг қарши томон ўз фикридан қайтиши мумкинлигига ҳам ишонишмади, чунки ҳеч қандай кафолатлар йўқ эди. Лекин биз бу имзони бутун дунё кўз олдида улардан олмоқчи эдик ва аслида бу уларнинг мағлубияти имзоси эди. Ҳозирда уни тинчлик ёки бошқа нарса, дейишганли билан», — дейди сиёсатчи.
Унинг қўшимча қилишича, толиблар Кобулга кириб, амалдаги ҳукумат билан музокаралар олиб бориб, ҳокимиятнинг қонуний равишда радикал ҳаракатга ўтишига эришиш ниятида бўлишган. Аммо, Ҳаққонийнинг фикрича,
режалар 2021 йил 15 августда президент Ашраф Ғанининг мамлакатни тарк этиши билан барбод бўлган. Ҳокимиятда бўшлиқ вужудга келгани учун толибларнинг ҳокимият жиловини ўз қўлига олишдан бошқа иложи қолмаган.
Афғонистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмарнинг ишончи комилки, Доҳа келишувининг аксарият бандлари толиблар, ҳамда америкаликлар томонидан эътибордан четда қолдирилган. Жумладан, бу терроризмга қарши кураш, афғонлар ичидаги тинчлик музокараларини ўтказиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш билан бирга янги исломий ҳукуматни яратишга тегишли бўлган. Аслида, фақат битта келишув бажарилган – бу ҳам бўлса чет эл қўшинларининг мамлакатни тарк этиши.
Шу билан бирга, дипломат ўша пайтдаги сиёсий раҳбарлар шахсий манфаатлар ортидан коррупция ботқоғига ботиб, халққа хиёнат қилганини, радикалларнинг ҳокимият тепасига келиши учун жавобгарликни Ғани зиммасидан олиб ташламайди. Бундан ташқари, Атмар бу одамларни республиканинг қулаши, толиблар ундан ўзларига бўйсунадиган амирлик ясаб олишига имкон берган асосий айбдорлар, деб атайди.
Миллионлаб кераксиз одамлар
Дарвоқе, Ашраф Ғанининг хавфсизлик ходимининг сўзларига кўра, собиқ президент Афғонистонни қуруқ қўл билан тарк этмаган – у ўзи билан «юзлаб миллион доллар» нақд пул олиб кетган. Сиёсатчи кейинчалик бундай миш-мишларни рад этган бўлса-да, у ва унинг атрофидагилар қашшоқликда қолмаган деб тахмин қилиш мумкин. Масалан, Ғани БААда бошпана топди ва у ерда «гуманитар сабабларга кўра» умргузаронлик қилмоқда
Аммо толибларнинг ҳукумат устига келиши оддий афғонларга анча қимматга тушди. Шубҳасиз, кўпчилик 2021 йилнинг даҳшатли воқеаларини ҳанузгача эслашади, мамлакатни тарк этишни хоҳловчилар учиб кетаётган сўнгги Америка самолётининг шассисига ёпишиб олишган ва уларнинг баъзилари катта баландликдан қулаб, тилка пора бўлган. Аммо одамларнинг бундай шаҳд билан йўл тутишига соқолли жангарилар қўли остида АҚШ армияси ёки собиқ ҳукуматни қўллаб-қувватлаганларнинг тирик қолиши амри маҳол эканини кўрсатарди.
Албатта, радикал табиати билан толибларнинг позициясини мустаҳкамланиши катта қочқинлар тўлқинини юзага келтирди: миллионлаб одамлар жангарилар репрессиясидан қўрқиб, чет элларга қочиб кетишди. Йиллар ўтиши билан муҳожирлар сони ортиб бораверди, чунки мамлакатдаги ҳаёт иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан тобора ёмонлашганди ва афғонларнинг бегона юртларда дурустроқ ҳаёт излашини тушуниш мумкин. Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, 2021 йил августидан буён бир неча йил давомида 600 мингга яқин афғон Покистонга, 1,5 миллионга яқини эса Эронга кўчиб ўтган.
Лекин ҳаммасиям кўринганидек жўн эмас. Қўшни давлатлар мунтазам равишда қочқинларни оммавий чиқариб юбориш ишларини амалга оширади. Бунга турли ҳодисалар сабаб бўлиши мумкин. Покистон мисолида, чегарадаги отишмалар афғонларни қайтариш учун қўшимча сабаб бўлиб хизмат қилади. Эрон кўпинча муҳожирларни Исроил фойдасига жосусликда айблай бошлади, шундан сўнг нафақат гумондорлар ва уларнинг қариндошлари, балки уларнинг бошқа қабиладошлари ҳам «депортация» га учрай бошлади.
БМТ маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Эрон ва Покистон биргаликда 3 миллиондан ортиқ афғонни ватанига жўнатган. 10 мингга яқин афғон қочқинлари истиқомат қилаётган Тожикистон ҳам жараёнга ўз «ҳиссасини» қўшмоқда. Жорий йилнинг июль ойида республика уларга ихтиёрий равишда ватанга қайтиш учун 15 кун муҳлат бергани хабар қилинган эди. Қочқинларнинг аксарияти собиқ ҳарбийлар ва аввалги ҳукумат амалдорлари. Шунинг учун улар ватанига қайтиб борганларида қийноққа солиниши ва қатл этилиши эҳтимоли бор. Қанча хорижлик депортация бўйича билдиришнома олгани номаълум, бироқ ультиматум мамлакатдаги толиблар режимидан қрочиб бошпана топганлар орасида жунбўшликка сабаб бўлди.
ХМТ маълумотларига кўра, 17 июлдан 10 августгача Тожикистон мингга яқин афғонни мажбуран депортация қилган. Ички ишлар вазирлигининг тушунтиришича, бу одамлар «қонунни бузган» ва шунинг учун Афғонистонга жўнатилган.
Афғонистоннинг қўшнилари қочқинларни депортация қилаётган ягона давлатлар эмас. Муҳожирларга қарши таниқли жангчи Дональд Трамп бошқарувида бўлган АҚШда жорий йилнинг 12 июлида Афғонистон фуқаролари учун «вақтинчалик ҳимояланган шахслар» мақоми бекор қилинди. Оқ уй қайси қочқинлар мамлакатда қолишини ҳал қилиш учун шахсий файлларни ўрганишни бошлади. ОАВ маълумотларига кўра, 11 мингдан ортиқ одам «толиблар мамлакати»га депортация қилиниш хавфи остида.
Маълум бўлишича, Европа ҳам қочқинлар учун ишончли бошпана эмас экан. Чет элликларга жуда бағрикенг бўлган Германия ҳукумати томонидан амалга оширилаётган депортация ҳолати маълум. Ўтган йили немислар 2021 йилдан бери биринчи марта афғон фуқароларини ватанига жўнатди; 28 нафар «маҳкум этилган жиноятчилар»га нисбатан иш юритилди. Немис жамиятида дарҳол савол туғилди: биз мигрантларни, хусусан, «ноқонуний ҳаракатларга мойил афғонларни» оммавий депортация қилишни ташкил қилишимиз керакми? Дарвоқе, Берлин биринчи депортация қилинганларга хайрлашув совғаси сифатида 1000 евро берган. Нима бўлгандаям қуруқ бўлмади.
Уй-жойсиз, ишсиз, тирикчилик воситаларисиз ватанига мажбуран депортация қилинган одамлар нима қилишлари керак? Риторик савол. Жорий йилнинг май ойида БМТ ушбу муаммо бўйича ҳисобот эълон қилиб, толиблар миллионлаб қочқинларни ватанига қайтаришга қодир эмаслигини таъкидлаган. Мутахассисларнинг фикрича, қайтиб келганлар оқими «Толибон» даврида аллақачон авж олган гуманитар инқирозни сезиларли даражада ёмонлаштиради.
Taliban-ban-ban-ban
Ички сиёсатда «Толибон» ҳаракати ўзини худди ўз номидаги қўшимчани оқлаётгандек тутади – ban инглиз тилидан «тақиқлаш» деб таржима қилинади. Ҳокимиятга келгандан сўнг дарҳолшариат посбонлари турли чекловларни жорий қила бошладилар. Уларнинг аксарияти ҳозирда аёлларнинг спорт билан шуғулланиш, боғларда сайр қилиш ёки ҳамроҳсиз ташқарига чиқишига тегишли. Шунингдек, Афғонистонда 12 ёшдан ошган қизлар мактаблари ёпилган, қизларнинг университетларда ўқиши, давлат идораларида ишлаши, жамоат жойларига ҳижобсиз кўриниши тақиқланган. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилиб, унинг ўрнида, айтмоқчи, тақиқларни қонунийлаштириш билан шуғулланувчи Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги ташкил этилди.
Йиллар ўтган сайин вазирликнинг «иштаҳа»си ортиб бормоқда. Ҳозир эса афғон аёллари омма олдида сўзлаш, қўшиқ айтиш ва Қуръонни баланд овозда ўқиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган, чунки толиблар диний уламоларининг фикрича, аёлнинг овози интимли ва жозибали, уни бегоналар эшитиши керак эмас.
Бундан ташқари, мамлакатда гўзаллик салонлари тақиқланди, гарчи кўплаб афғон аёллари, хусусан, Кобул аҳолиси учун улар даромад манбаи бўлган бўлсада. Қаттиқ қоидаларга қарамай, аёллар уйда сартарошлик ва косметология хизматларини кўрсатадилар. Аммо хусусий бизнеснинг бундай тури юқорида номи тилга олинган вазирликка тўғри келмади. Пойтахтда рейдлар ўтказилиб, улар яширин салонлар ёпилиши билан якунланди. Гувоҳлар айтишича, баъзида хавфсизлик кучлари пора ёки ҳатто «интим хизматлар» эвазига тадбиркорлар фаолиятига кўз юмишга тайёр эканликларига шама қилишган. Маълум бўлишича, толибларнинг Ғани ҳукуматини коррупцияда айблаб, тутган принципиал ёндашуви ҳар доим ҳам иш беравермайди.
Эркаклар ҳам эътибордан четда қолмаган, лекин аёллар учун қоидаларга қараганда, улар учун чекловлар сезиларли даражада юмшоқроқ. Уларга европаликларга ўхшаб соч, соқол олдириш, соқолларини муштдан қисқароқ қилиб кесишлари, кофирлар билан дўст тутинишлари мумкин эмас.
Толиблар, шунингдек одамлар суратларини намойиш қилишни ҳам тақиқлашди. Бу, биринчи навбатда, ҳозирда радиога ўхшаб бораётган телеканалларга таъсир қилди, бу ерда диктор янгиликлар ва бошқа маълумотларни тасвир ортида ўқийди. Айрим вазирликлар муаммони шундай ҳал қилишди: ўз делегацияларининг йиғилишлари ҳақида пресс-релиз эълон қилар экан, ўз сайтлари ва ижтимоий тармоқларига байроқлар ва бўш стуллар туширилган хона суратларини жойлаштиришди. Бу музокаралардан «олдин» ёки «кейин» форматининг ўзига хос тасвири бўлиб чиқди, асосийси «жараён давоми» кўрсатилмайди. Бироқ, маҳаллий ОАВ ёзишича, керак бўлганда, расмийлар бу тақиқни бузишяпти. Масалан, жамиятдаги ҳар қандай низоларга ойдинлик киритиш учун улар раҳбарнинг нутқи билан видео интервьюни суратга олишади ва нашр этишади.
Одамлар тасвирини тақиқлаш (бан) га оид воқеалар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг стол футболига эътибор қаратган Дайкунди провинциясидаги янгиликлар билан давом этди — бу ўйинда футболчиларни назорат қилиш орқали гол уриш мумкин. Толиблар футболчилар ҳайкалчаларида «бутлар» ни кўришди ва шунчаки пластик одамчаларнинг бошларини кесиб ташлашди. Ўйинни тақиқлашмайди, гарчи ўйин майдончаси энди калласиз ўйинчи фигуралар билан сюрреал кўринса ажабмас.
Аммо шахматнинг омади келмади: толиблар бу қадимий ўйинни «ҳаром» деб эълон қилишди ва ушбу спорт тури федерациясини ёпилди.
Москва тан олди — кейинги ким?
Шунга қарамасдан толиблар халқаро майдонда бир қанча муваффақиятларга эришди. Шу йил апрель ойида Россия Олий суди «Толибон» ҳаракатининг мамлакатдаги фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб, ҳаракатни 2003 йили киритилган террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариб ташлади.Аввалроқ собиқ СССРнинг бошқа республикалари – Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам худди шундай чоралар кўришга қарор қилган эди.
Москвадаги элчихона биносида Афғонистон Ислом Амирлиги байроғи. tass.ru сайти фотосурати
Июль ойида Россия Федерацияси Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Мамлакатнинг Москвадаги элчихонаси биносида толибларнинг оқ матога шаҳодат калимаси туширилган янги байроғи ҳилпирай бошлади. Ўшанда Президент Владимир Путин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таклифига кўра тегишли қарор қабул қилгани, бу Россиянинг афғон халқига бўлган дўстона муносабати тасдиғи экани таъкидланган эди.
Айни пайтда Кобул кўплаб давлатлар, айниқса, унга чегарадош давлатлар билан фаол савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон бу борада алоҳида ажралиб туради, қўшниларига тез-тез инсонпарварлик ёрдами жўнатади, толиблар делегациялари билан турли даражадаги учрашувлар ўтказади. Яқинда радикал ҳаракат вакилларини республика президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди. У янги Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борган биринчи давлат раҳбари бўлди.
Бундан ташқари, Афғонистон шаҳарларида Ўзбекистон савдо уйлари очилди, ишбилармонлар учрашуви мунтазам ташкил этилмоқда. Термиз шаҳрида 2022 йилдан буён амирлик билан чегарадош халқаро савдо маркази фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Афғонистон фуқаролари ушбу объектга визасиз ташриф буюриш, у ерда 15 кун рухсатномасиз қолиш, шунингдек, дўконлар ва бошқа биноларни ижарага олиш ҳуқуқига эга.
Тўғри, бир-иккита ноқулай вазият ҳам юзага келди. Ўтган йили толиблар ўзбек расмийларидан Термиз савдо ҳудудида мусиқа иштирокидаги концерт ва бошқа тадбирларни тақиқлашни сўрагани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди, чунки бу санъат тури, маълумки, Афғонистонда тақиқланган. Аммо Марказий Осиё республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тез орада ҳамкорлардан бундай сўровлар олмаганини маълум қилди. Жорий йили «Толибон» 40 ёшгача бўлган аёлларга Ўзбекистондаги халқаро бозорга боришни тақиқлагани хабар қилинганди. Афтидан, бу чеклов амалда, чунки тадбиркорлар мижозлар оқими камайганидан шикоят қилишган, чунки илгари афғонлар бу эрга бутун оилалари, жумладан, аёллар билан келишарди. Савдогарларнинг сўзларига кўра, навбатдаги яна бир гендер тақиқи (бан) савдонинг пасайишига олиб келади.
Шунга қарамай, қўшни давлатлар фаол ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, Кобул ва Тошкент 2025 йил охиригача ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказишга келишиб олди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Трансафғон темир йўли қурилишида ҳам муҳим рол ўйнайди, унинг қурилишини «Толибон» стратегик муҳим лойиҳа деб атади.
Бир сўз билан айтганда, дунёда кўпгина давлатлар амирликни расман тан олмасалар ҳам, «Толибон» билан ҳақиқий сиёсий куч сифатида ҳисоблашмоқда. Бу соқолли радикалларнинг бу гал Афғонистонни жиддий ва узоқроқ муддат бошқаришга шайланганини англатади.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.
-
14 Август14.08Денгиз транспорти ўрнини ҳеч нарса босолмайдиДенгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар муаммоларини ҳал қилиш мумкинми?
-
11 Август11.08ФотоЧидамлилик пойгасиTuron Enduro Cup Uzbekistan 2025 мусобақалари Тошкент вилоятида бўлиб ўтди
-
07 Август07.08«Қирғизистон — менинг футбол ватаним»Қирғизистон футболи афсонаси Эдгар Бернхардт терма жамоа ва «Бишкек Сити» даги фаолияти ҳақида гапириб берди
-
05 Август05.08Цензура босими остидаТуркманистон қандай қилиб сўз эркинлигини йўқотгани ҳақида
-
04 Август04.08ФотоИссиқ ҳавода муздеккина пивоТошкентда Mangal Fest by beer фестивали бўлиб ўтди
-
23 Июль23.07Нимаики бўлса — болалар учунҚозоғистон президенти Олмаотадаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг «ихтиёрий» кўчирилишига аралашишга мажбур бўлди