Ҳам анъаналар, ҳам замонавийлик

Нега айнан бугунги кунда Ўзбекистон диний соҳада давлат сиёсати концепциясини қабул қилгани ҳақида
ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистоннинг замонавий диний сиёсатибу икки давр ўртасидаги кўприкдир. Унинг бир томони масжидлар «қатъий хавфсизлик зонаси»га айлантирилиб, соқол қўйиш ёки Қуръон ўқиш Жиноят кодексининг моддасига айланган Ислом Каримов меросига, иккинчи томони миноралардан азон янграй бошлаган ва минглаб зиёратчилар муқаддас Маккани зиёрат қилиш имкониятига эга бўлган Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон»ига бориб тақалади. Бу контраст эндигина қабул қилинган, эркинлик ва назорат ўртасидаги нозик мувозанатни мустаҳкамлашга қаратилганЎзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тушуниш учун калит вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг сиёсати арвоҳлар билан кураш даврини эслатади. СССР парчаланганидан кейин ҳукумат расмий масжидлардан ташқари жойда намоз ўқишга журъат этган «мустақил мусулмонлар» га қарши уруш эълон қилди. 1998 йили қабул қилинган «Виждон эркинлиги тўғрисида»ги қонун амалда тизгинлаш воситасига айланди: ҳижоб кийиш экстремизмга, араб тилини ўрганиш эса террорчилик ҳужумларига тайёргарлик кўриш билан тенглаштирилди. Қуръонни «нотўғри» ўқиган ёки тўйда спиртли ичимликлар ичишдан бош тортган, махфий хизматлар билан ҳамкорликни рад этган, «рухсат этилмаган» аудио кассеталарни сақлаган ва ҳоказо айблар билан одамлар панжара ортига ташланди.

2016 йилга келиб, репрессия тизими абсурд кўламга етди. Давлат хавфсизлиги «қора рўйхати»га ўн минглаб фуқаролар киритилди: ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, мазкур рўйхатдан жой олиш учун беш маҳал намозни масжидда ўқиш кифоя эди. Фарзандларини норасмий мадрасаларга берган ота-оналар 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум бўлиш хавфи остида эди. Шу билан бирга, мусулмонлар диний идораси томонидан бошқарилаётган расмий ислом давлат ташвиқотининг рупорига айланиб, фақат «Каримов донолиги»ни мадҳ этиш билан банд бўлди.

Мирзиёевнинг иқтидорга келиши рамзий ҳаракатлар билан кечди. 2017 йили Ўзбекистон шаҳарларида илк бор азон янгради. Каримов ўз даврида буни «исломий провокация» деб атаганди. Қисқа вақт ичида 300 та тарихий масжид, жумладан, Бухородаги Улуғбек мадрасаси қайта тикланди. Аммо энг асосийси – «қора рўйхатлар»ни йўқ қилишга оид фармон чиқарилди: бир вақтнинг ўзида 16 минг киши махсус хизматлар кузатувидан озод қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари диний соҳани бошқаришга ёндашувлар эволюциясини ўзида акс эттиради. 2017 йилдан сўнг мамлакат либераллаштириш йўлидан борди, аммо диний фаолликнинг ўсиб бориши эртами-кечми аниқ чегараларни талаб қиларди. Концепция лойиҳасида таъкидланганидек, «Виждон эркинлиги фақат дунёвий давлатда амалга оширилиши мумкин», бунда конституциявий тамойилларни радикал талқинлардан ҳимоя қилиш зарурияти таъкидланган.

Янги Концепция тўғридан-тўғри диндан сиёсий мақсадларда фойдаланиш хавфи борлиги ва экстремизмга таълим ва ижтимоий дастурлар орқали қарши туриш зарурлигига ишора қилади. Ажабланарлиси шундаки, диний сиёсатни либераллаштириш суиистеъмолчиликни олдини олиш учун қатъий қонуний тартибни талаб қилди.

Янги ҳужжат 2023 йилги Конституция қоидаларини ривожлантиради, унда давлатнинг дунёвий хусусияти (1-модда) ва виждон эркинлиги (35-модда) мустаҳкамланган. У 2020-йиллари диний бирлашмаларни рўйхатдан ўтказиш ва адабиётларни олиб киришни соддалаштирган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга аниқлик киритади.

Бироқ, аввалги ҳужжатлардан фарқли ўлароқ, Концепцияда илк бор дунёвийликка «умуминсоний қадриятлар ва қонун устуворлигига асосланган нормалар тизими» сифатида аниқ таъриф берилган.

Аҳолининг 96,5 фоизи ўзини мусулмон деб билса-да, Концепцияда конфессиялар тенглигига урғу берилган ҳолда «давлат дини» атамасидан четлаб ўтилган. Бироқ, замонавий Ўзбекистон давлати томонидан динни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари яққол кўриниб турибди: Ҳаж квотаси 3 баробарга оширилди (5,2 мингдан 15 минг кишига), 1991 йилдаги 89 та масжидга нисбатан 2074 та масжид фаолият кўрсатмоқда, 4 та Ислом университети, жумладан Имом Бухорий номидаги халқаро академия ташкил этилди. Ушбу парадокс концепция матнида шундай изоҳланган: «Дунёвий давлат диний қадриятларнинг уйғун ривожланиши учун шароитлар яратади».

Шундай қилиб, Исломни қўллаб-қувватлаш дунёвийликдан воз кечиш эмас, балки маданий меросни асраб, авайлаш сифатида кўрилади. Ислом меъморчилиги миллий бренднинг бир қисмига айланган Самарқанддаги ёдгорликларнинг реставрацияси бунга мисолдир.

Янги Концепция диний эътиқод фаоллиги глобал радикаллашув хавфи билан уйғунлашиб бораётган замонавий дунё муаммоларига муносиб жавобдир. 2017-2024 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар узвийлигини таъминлаган ҳолда, ҳужжатда парламент назоратидан тортиб, диний фанларни дунёвий таълимга интеграциялашгача бўлган инновацион механизмлар жорий этилган.

Концепциянинг асосий мазмуниконституциявий тамойилларга зарар етказмаган ҳолда диний амалиётни қонунийлаштиришдир. Сўнгги йиллар шуни кўрсатдики, масжидлар ва зиёратчилар сонининг ортиб бориши экстремизм кучайишига олиб келмади, аксинча, ижтимоий кескинликни пасайтирди. Ўзбекистон тажрибаси анъанавий қадриятлар ва модернизация ўртасида мувозанатни излаётган бошқа постсовет давлатларига намуна бўлиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ