Эски одатларнинг қайтиши

Иқтисодчи Юлий Юсупов — Карантиннинг Ўзбекистон учун ўзига хос оқибатлари ҳақида
Ўзбекистонда ҳимоя ниқобларни тарқатилиши. ZARNEWS.UZ сайтидан олинган фотосурат

Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган карантин ҳам, нефть нархининг қулаши ҳам афтидан дунё мамлакатларини инқирозга олиб борадиганга ўхшайди. Ўзбекистонни нималар кутмоқда, расмийлар пандемия пайтида тўғри стратегияни танлай олдиларми, эпидемия ниҳоясига етганида кутилаётган йўқотишларимиз қанчалик жиддий бўлиши эҳтимоли ҳақида “Фарғона” Ўзбекистоннинг Иқтисодий ривожланиши маркази директори, иқтисодчи Юлий Юсуповдан сўради.

— Баъзи мамлакатлар ёппасига карантин жорий қилиш йўлини танладилар, бошқалари эса, мисол учун Буюк Британия, Швеция ва Голландия иқтисодни бунақанги таҳликага йўлиқтирмасликка қарор қилдилар. Ўзбекистон биринчи йўлни танлади. Сизнингча, бу қарор қанчалик тўғри?

Юлий Юсупов. . Шахсий архивдан олинган фотосурат

— Афтидан тўғрига ўхшаяпти, лекин бу йўлнинг ҳам энг аввало иқтисодиёт учун ўзига хос камчиликлари бор. Биринчидан, ёппасига карантиннинг жорий этилиши камида эпидемия тарқалиши тезлигини пасайтиради. Бу жуда ҳам муҳим, негаки ушбу касалликнинг осон тарқалиш хусусияти ортидан соғлиқни сақлаш тизимига улкан юклама пайдо бўлади, ҳолбуки тизим бунга тайёр эмас. Оддийгина қилиб айтганда, касалхоналарда палаталар, сунъий нафас олиш аппаратлари, кислородли баллонлар, малакали медицина ходимлари ва ҳоказолар етишмайди. Шунинг учун ҳам касаллик тарқалиши тезлигини қандайдир йўл билан пасайтиришга эришилса, бунинг ўзи катта ютуқ бўлади.

— Иккинчи томондан, эпидемия тарқалишини заифлаштирувчи ва ҳатто бутунлай тўхтатиб қўядиган қандайдир ташқи таъсирлар пайдо бўлишига умидлар бор. Бунақалар қаторида:

— Жазирама иссиқ (вируслар одам баданидан ташқарида узоқ вақт давомида яшай олмайдилар);

— Ижобий таъсир кўрсата оладиган вакцинанинг ихтиро қилиниши ва оммавий ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши;

— Вируснинг инсон организми учун мутация – хавфсизроқ кўринишига айланиб қолиш жараёни (мутахассислар тахмин қилишича, воқеа ривожланишининг шунақанги вариантнинг эҳтимоли ҳам бор).

“Яхши кунлар” келгунига қадар бардош бериб тура олсак бўлди.

Учинчидан, Хитой ва Жанубий Корея тажрибасидан кўриниб турибдики, ёппасига умумхалқ карантини эпидемия тарқалишини чеклаши ва тўхтатиши мумкин экан.

Шунинг учун ҳам мен қатъий карантин чораларини жорий қилган мамлакатлар сафига Ўзбекистон ҳам қўшилганини маъқуллайман. Оммавий тадбирлар тақиқланди, кўплаб одамлар тўпланадиган жойларнинг аксарияти ёпилди, одамларнинг ҳаракатланиши кескин тарзда чеклаб қўйилди.

— Ўзбекистон учун эпидемиянинг оқибатлари қанақа бўлиши мумкин?

— Биринчидан, бунинг оқибати тўғридан-тўғри иқтисодий йўқотишлардан иборат бўлади. Биринчидан, ишбилармонлик фаолияти суратининг секинлашуви оқибатида истеъмол ва ишлаб чиқариш ҳажми ҳам камаяди. Классик мультипликатор таъсири ишлаб кетади: талабнинг қисқариши ишлаб чиқаришнинг қисқаришига олиб келади, бу эса ўз навбатида даромадларни камайтиради, даромадларнинг камайиши эса яна талаб ва эҳтиёжларни қисқартиради ва ҳоказо. Пировардида, аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси пасаяди, кўпчилик ишсиз қолиши мумкин.

Иккинчидан, импорт ресурсларининг етказиб берилишининг узилиши важидан ишлаб чиқариш ҳажми қисқаради.

Учинчидан, тўлов балансига каттагина зарар етади. Мамлакатга кириб келаётган асосий валюта манбалари: хом ашё товарларининг экспортидан тушум ва меҳнат мигрантларининг пул жўнатмаларидан иборат. Жаҳон кризиси пайтида одатда хом ашёнинг нархлари пасаяди, меҳнат мигрантларининг даромадлари ҳам қисқаради.

Ўзбекистон учун экспорт даромадлари ва меҳнат мигрантлари даромадларининг салмоқли қисми Россия ва Қозоғистонга тўғри келаётгани мамлакат учун вазиятни таранглаштириб қўймоқда, негаки номи юқорида тилга олинган мамлакатларнинг валюта курслари жаҳон бозоридаги нефть нархларига қаттиқ боғланиб қолган. Сўнгги кунларда нефтнинг нархи тушиб кетди, бу эса рубль ва тенгенинг девальвациясига олиб келди. Ўз-ўзидан бу Ўзбекистонга кириб келаётган валюта ҳажмини қисқартирмоқда ва ўзбек товарларининг Россия ва Қозоғистон товарларига нисбатан рақобатбардошлигини пасайтирмоқда. Агар рубль ва тенге курслари узоқ муддат давомида пасайиб борадиган бўлса, ўзбек сўмининг девальвацияси ҳам муқаррар бўлиб қолади.

Ўзбекистон бозоридаги сотувчилар. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бу эса мамлакат ичида инфляцияни кучайтириб юборади.

Экспортдан тушум ва меҳнат мигрантлари даромадларининг қисқариши ҳам мамлакат аҳолисининг каттароқ қисмида даромад ва истеъмол ҳажмининг қисқаришига олиб келади. Бу эса ишбилармонлик фаолиятига ҳамда умумий турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади.

Бошқа турдаги эҳтимолий йўқотишлар инқирозли даврларда иқтисодиётга таъсир кўрсатишнинг маъмурий услублари қайта жонланиши билан боғлиқ: булар турли тақиқлар ва чекловлар ва ҳатто бозор нархларини тартибга солишга уринишлардан иборат. Кризислар даврида бу чораларнинг қўлланиши муқаррар. Бироқ ачинарлиги шундаки, бу услублар ўзбек амалдорлари ва мулозимлари учун одатий ва қулай бўлиб қолганига анча бўлган. Эндигина иллатли услублардан воз кечаётганимизда, улар яна керак бўлиб қолмоқда. Бу эса кўрилаётган чораларнинг юқори самараси ва жуда зарурлигига ишонч ҳосил қилиш каби кўзқарашларни шакллантириши мумкин. Лекин улардан келгусида яна бошқатдадан воз кечиш анча қийин кечади.

Бундан ташқари, кўпчиликда бизга ёпиқ, ўзини-ўзи таъминлашга қодир, ташқи дунёга қарам бўлиб қолмайдиган кучли иқтисодиёт керак экан деган фикр шаклланиб онгида мустаҳкам ўрнашиб олиши мумкин. Боз устига, бу ғоя баъзи давлат мулозимларимиз ва жамоатчилик арбобларимизнинг калласини ҳеч қачон тарк этмаган.

Табиийки, инқироз даврида олдин мўлжаллаб қўйилган ислоҳотлар (хусусийлаштириш, банк ислоҳоти, аграр ва бошқалар) музлатиб қўйилади. Давлат мулозимларининг ислоҳотларга бўлган “муҳаббати”ни билган ҳолда, уларни давом эттириш ҳолатига қайтиш учун анча куч ва қувват сарфлашга тўғри келади деб ўйлайман.

— Ҳаммадан кўп зарар кўрадиган соҳалар қайси? Бу инқироздан ютуқ билан чиқадиганлар ҳам борми?

— Ҳаммасидан кўра туризм, умумий овқатланиш тизими, меҳмонхона ва транспорт бизнеслари зарар кўради. Шунингдек, импорт ресурслар билан ишлайдиган ишлаб чиқариш корхоналари ҳам катта зарар кўришлари мумкин. Бунақанги корхоналар иқтисодиётнинг аксарият соҳаларида етарли.

Инқироз даврида ишлатмаса ҳам бўладиган узоқ вақт давомида истеъмол қилинадиган товарлар ишлаб чиқарувчилари ҳам зарар кўришлари мумкин. Инқироз пайтида камдан-кам одам маиший техника ёки туристик саёҳатга йўлланма сотиб олишга қарор қилади.

Озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва кундалик истеъмол моллари ишлаб чиқарувчилар эса аксинча ютуқли позицияларни эгаллашлари мумкин. Бунақанги товарларга талаб унчалик тушиб кетмаса керак, аммо импорт анча қисқаради. Шу билан бирга, уларнинг экспортига чекловлар киритилмаса керак.

Инқироз даврида IT-сектор ва электрон тижорат ривожланиш учун яхшигига турткига эга бўлади. Биз масофадан туриб ишлаш, масофадан туриб мулоқот қилиш ва таълим олиш, товар етказиб бериш сервислари орқали савдонинг тамойиллари ва услубларини ўзлаштиришнинг тезлаштирилган курсларидан ўтамиз, кўнгилочарлик индустрияси ва электрон давлат хизматлари имкониятларидан фаолроқ фойдаланишни бошлаймиз.

— Сизнингча, ҳукумат нималарни қилмаслиги керак?

— Биринчиси. Маъмурий буйруқбозликка берилмасликлари керак. Буни услубни бизнинг мутасадди амалдорларимиз жуда яхши ўзлаштириб олганлар ва ўзларининг фаолиятлари давомида бу услубни қўллашни жуда севадилар. Айниқса, бозор иқтисодиёти механизмларини ўрнини ўзлари эгаллашга уринмасликлари лозим. Албатта, инқироз даврида кимдир чайқовчилик йўли билан бойлик ортиришга уриниши жуда ёмон. Бироқ мутасадди амалдорларнинг бозор нархларига ва ресурслар тақсимоти механизмларига аралашиши бундан ҳам ёмонроқ оқибатларга олиб келади.

Бунақада самарасизлик, коррупция, тақчиллик ва қора бозорнинг пайдо бўлиши муқаррар.

Иккинчиси. Аҳоли ва тадбиркорликни қўллаш, умумий эҳтиёжни рағбатлантириш ва кам таъминланган аҳоли қатламининг турмуш тарзи даражасининг тушиб кетишига қарши кураш олиб бориш учун макроиқтисодиёт сиёсатининг дастакларидан фойдаланиш зарур.

Инқироздан ҳаммадан кўра кўпроқ зарар кўрадиган секторларга солиқ таътилларини тақдим этиш лозим. Оилаларга қандайдир бир марталик нафақа тўлаш имкониятини кўриб чиқиш керак ва ушбу нафақаларнинг миқдори оиладаги балоғатга етмаган фарзандлар сонига қараб белгиланиши мумкин бўлади.

Мен давлат компанияларига қандайдир пул маблағлари оқимини йўналтирилишидан эҳтиёт бўлишга чақирган бўлардим. Бизнинг ҳукуматимиз бу ишни одатда жуда яхши кўради. Шунингдек, мен бюджет маблағларининг фавқулодда катта харажатлардан тийилишни тавсия қилган бўлардим.

Бизнинг давлатимиз шу чоққача кўрпага қараб оёқ узатишни ўрганмаган, харажатларда ўзини чеклашни билмайди ва бу пировардида кўплаб макроиқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон бозорида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Албатта, инқироз иқтисодиёт учун энг қулай вақт ҳисобланмайди. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам меъёр, чегарани билган афзал. Акс ҳолда, касалликка қарши қўлланадиган дори касалликнинг ўзидан хавфлироқ бўлиб чиқиши мумкин.

Пул-кредит сиёсати тўғрисида сўз юритадиган бўлсак, афсуски, Ўзбекистон иқтисодиётини жонлаштириш учун бу омилдан фойдаланишнинг имконияти бўлмаса керак, деб ўйлайман. Инфляция даражаси юқори бўлган шароитда рағбатлантирувчи монетар сиёсатни қўллаш ҳамда миллий валютанинг кескин девальвацияси таҳликаси жуда хавфли – бу ҳолатда пул тизимини бутунлай хонавайрон қилиб қўйиш ва жуда оғир инфляция ҳолатига қулаб тушиш мумкин.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда монетар сиёсатининг анъанавий бозор механизмлари шу чоққача ишлаб чиқилгани йўқ. Тижорат банклари (уларнинг энг йирикларига давлат эгалик қилади) ҳукумат, вазирликлар ва маҳаллий ҳокимият органларининг буйруқлари билан имтиёзли кредитларни бериб келадилар. Бунақа шароитларда (монетар сиёсатнинг асосий воситаси бўлган) қайта молиялаш ставкаси уйдирма, ёлғон, ясама бўлиб қолади. У ҳеч қанақасига эркин бозордаги фоиз ставкаларига ҳам (улар пул тақчиллиги ҳамда банкларнинг имтиёзли кредитлардан ҳосил бўлган зарарни қоплаш зарурати туфайли учёт ставкасидан 1,5-2 баробар юқори), ва боз устига, имтиёзли кредитлар бўйича фоиз ставкаларига таъсир кўрсата олмайди.

Банк ислоҳотларининг асосий бандларидан бири бўлган – имтиёзли кредитлардан воз кечиш керак. Бироқ инқироз туфайли буни унутиб қўйишлари ва арзон кредитларнинг янги тўлқини бошлаб юборишлари мумкин, деган хавотирлар бор. Бу эса молиявий барқарорлик ва банк секторининг барқарорлиги учун жуда ёмон омил саналади.

— Ўзбекистон қайта тикланиш вақти келганда, биринчи навбатда кимдан (мамлакатлар, банклар) ёрдам кутиши мумкин?

— Инқироз глобал характерга эга ва ундан ҳамма зарар кўради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон иқтисодиётининг тикланиши учун ёрдам беришга шошиладиганларнинг сони кўп бўлмайди.

Бизнинг тақдиримиз ўзимизнинг қўлимизда. Инқироздан ўзимиз чиқа олишимиз мумкин ва иқтисодиётни тиклашимизга барча имкониятлар бор. Бунинг учун бизга пухта ва мукаммал иқтисодий сиёсат ҳамда 2017 йилда бошланган ислоҳотларнинг давом эттирилиши зарур. Энг асосийси – думалаб-думалаб, маъмурий қўмондонлик ва автократияга қайтмаслигимиз лозим.

Шу билан бирга, эпидемия узоқ вақтга чўзилмаслигига ва оқибатда чуқур иқтисодий таназзулга олиб келмаслигига умид бор. Бу ҳолатда иқтисодиётни тиклаш нисбатан осон кечади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ